Ўзбекистонда коронавирусдан вафот этганлар сони 12 кишига етди /мубтало бўлганлар 2746 киши/
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, коронавирусдан яна бир бемор вафот этди.
Халқаро масофага қатнашга мўлжалланган юк автомашина ҳайдовчиси И. Россиядан Тожикистон орқали Сурхондарёга кириб келган. Асли сирдарёлик бўлган ушбу фуқарода икки томонлама пневмония оғир кечиб, 5 май куни вилоят юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган. Ўтказилган диагностик таҳлиллардан сўнг беморда Covid-19 ҳам аниқланган деб хабар қилади Спутник..
Шу йилнинг 11 май куни эса аҳволи ёмонлашгач, коронавируснинг оғир кечиши, икки томонлама ўткир бронхопневмония оғир тури ташхиси билан реанимация бўлимига олинган. Бўлимда беморга мутахассислар томонидан белгиланган стандартлар асосида реанимацион ёрдам кўрсатилган.
Бироқ кўрсатилган реанимацион муолажаларга қарамасдан сунъий нафас олиш аппаратида бўлган бемор юрак қон-томир ва ўткир нафас етишмовчилигидан вафот этган.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирга қадар Ўзбекистонда 2746 кишида коронавирус инфекцияси аниқланган.