Ўзбекистонда коронавирусдан 15-ўлим қайд этилди
Ўзбекистонда коронавирус юқтириб олган яна бир киши вафот этди.
63 ёшли тошкентлик Х. исмли аёлда 30 май куни коронавирус инфекцияси аниқланган, у Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасига ётқизилган эди.
«Реанимацион муолажаларга қарамай, сунъий нафас олдириш аппаратида бўлган бемор бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши, ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этди», — дейилади Ўзбекистон ССВ ахборотида.
1957 йилда туғилган бемор шу йилнинг январь ойида бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши (инсульт) ташхиси билан даволанган.
Беморнинг даволаниши давомидаги кунлик аҳволи мамлакатдаги шу соҳага ихтисослашган тиббиёт муассасаларининг мутахассислари назоратида бўлган. Белгиланган стандартлар асосида ўтказган реанимацион муолажаларига қарамасдан сунъий нафас олдириш аппаратида бўлган бемор бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши, ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этди.