Ўзбекистон бош вазири Роғун ГЭСи борасида ўз хавотирини билдирди
Ўзбекистон бош вазири Роғун ГЭСи борасида ўз хавотирини билдирди
Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев 19 июль куни Тожикистон бош вазири Қоҳир Расулзодага Тожикистоннинг Роғун ГЭСини қуриш режасига нисбатан хавотир билдирилган мактуб юборди. Мурожаат Тожикистон ҳукуматининг Роғун ГЭСи қурилиши бўйича Италиянинг Salini Impregilo компанияси билан келишувга эришгани тўғрисидаги янгиликлар билан боғлиқ, деб хабар қилинмоқда
Мактуб матни Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати томонидан эълон қилинди.
«Қурилиш майдонида ўтказилган бир қатор тадқиқотлар, энг аввало Жаҳон банки шафелигида олиб борилган лойиҳанинг халқаро комплекс экспертизасида Роғун ГЭСи бутун Марказий Осиё минтақаси учун улкан таҳдидларни келтириб чиқариши тасдиқлангани, қўшни мамлакатлар раҳбарияти ва экспертлари баёнотларида бу бир неча маротаба қайд этилгани ва Тожикистон ҳукуматига хабар қилинганига эътиборингизни такроран қаратиш лозим, деб ҳисоблаймиз. Айнан шу сабабдан мазкур лойиҳа ортидаги улкан техноген, экологик, ижтимоий ва иқтисодий хатарларни англаган ҳолда Жаҳон банки Роғун ГЭСи қурилишини молиялашда иштирок этишдан воз кечган эди», — дейилади мактубда.
«Бунёд этилаётган Роғун ГЭСи лойиҳаси 35 йилдан зиёдроқ аввал, 70-йиллардаги совет гигантоманияси даврида ишлаб чиқилган бўлиб, бугунги замонавий талаблар ва тажрибалар уни тубдан қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда. Баландлиги бўйича дунёда тенги йўқ ҳисобланган 335 метрлик тўғонга эга бу қадар улкан ГЭС мажмуаси қурилиши учун танланган майдоннинг сейсмиклиги Рихтер шкаласи бўйича 9−10 балл бўлган тоғ ҳудудида экани жиддий шубҳа-гумонларни келтириб чиқаради. Объектнинг маълум қилинган 3,9 миллиард АҚШ доллари миқдоридан анча узоқ бўлган умумий смета қийматида амалий аниқлик мавжуд эмас, лойиҳавий ҳужжатлаш ишлари тўлиқ якунланмаган, обрўли экспертлар томонидан билдирилган жиддий мулоҳазалар инобатга олинмаган», — сўзида давом этади Ўзбекистон бош вазири.
«Тожикистон ҳукуматининг қандай қилиб бўлса ҳам Роғун ГЭСи қурилишини давом эттиришга бўлган интилиши, эҳтимолий хавфлар ва Тожикистон томони ташлаётган хатарли одимларнинг тўғрилаб бўлмас оқибатларидан хавотирланмасликнинг иложи йўқ. Тожикистон ҳукумати мамлакат энергия таъминотидаги мушкул муаммоларни Тожикистон ҳудудидаги кўп сонли дарё ва сув манбаларидан фойдаланган ҳолда кичик ва ўрта ГЭСлар қуриш йўли билан ҳал этиши мумкин деб ҳисоблашга барча асосларимиз бор. Бизга маълумки, бундай истиқболли дастур Тожикистонда аллақачон амалга оширилмоқда», — қайд этилади мактубда.