Ўзбекистонда таниқли инфекционист Гулжаҳон Йўлдошева ҳибсга олинди
(last modified Thu, 10 Sep 2020 10:04:29 GMT )
сентябр 10, 2020 15:04 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистонда таниқли инфекционист  Гулжаҳон Йўлдошева  ҳибсга олинди

8 сентябрь куни Тошкент вилояти юқумли касалликлари шифохонаси бош шифокори, Тошкент вилояти бош инфекционисти Гулжаҳон Йўлдошева 8 сентябрь куни ҳибсга олингани хабар қилинмоқда.

Гулжаҳон Йўлдошеванинг синглиси Шаҳло Йўлдошева билан боғланган «Kun.uz»нинг  маълум қилишича, у бу маълумотни тасдиқлаган, аммо айни вақтда Гулжаҳон Йўлдошевага қандай айблов қўйилганини билмаслигини, опаси коронавирусга чалиниб даволанганини, ҳибсга олинишидан бир кун олдин шифохонадан чиққанини, соғлиги ҳали тўлиқ тикланмаганини, ҳибсга олиниши натижасида икки ва уч ёшли фарзандлари онасидан ажратилганини айтиб берган дебхабарберди Дарё сайти.

Аввалроқ Гулжаҳон Йўлдошева пандемия шароитида у бошчилик қилган касалхонага керакли тиббий ускуналар ажратилмаётгани ва раҳбарлиги остида коронавирус беморларини ўзи ва оиласи ҳаётини хавф остига қўйиб даволаган тиббиёт ходимларининг меҳнати муносиб рағбатлантирилмаётганини, оғир вазиятда Тошкент вилояти тиббиёт бошқармаси томонидан керакли ёрдам берилмаганини айтганди.

Жумладан, ўзи бошчилик қилган касалхона биринчилардан бўлиб коронавирусга чалинган беморларни қабул қилгани, июль ойи ўртасидан шифохона оғир аҳволдаги беморлар билан тўлгани, ўлим ҳолатлари кузатилгани, бироқ шунга қарамай, вилоят тиббиёт бошқармаси томонидан ушбу касалхонада коронавирус беморлари даволанаётгани тан олинмагани ҳақида сўзлаган.

Кейинроқ, бу масалада вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Тўрақул Арзиқулов муносабат билдириб, Чирчиқдаги шифохона COVID-19’ни даволашга ихтисослашмаганини, Гулжаҳон Йўлдошева асоссиз маълумотлар тарқатаётганини айтган. Бироқ мазкур касалхона COVID-19’га чалингланларни даволагани ва оғир пандемик вазиятда керакли тиббий техника билан таъминланмагани борасида айтилган иддаоларга етарлича изоҳ бермаганди.

«Kun.uz» Гулжаҳон Йўлдошеванинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ вазият юзасидан изоҳ олиш мақсадида Бош прокуратуранинг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлимига мурожаат қилганда бўлим бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов ушбу масала юзасидан қисқа фурсатларда ахборот берилишини билдирган.