Пахтакор сўнгги дақиқаларда «Ал Ҳилол»га мағлуб бўлди
Қатарда рестарт олган Осиё Чемпиионлар лигаси «B» гуруҳи 3-тури доирасидаги марказий ўйин «Ал Ҳилол» ва «Пахтакор» ўртасида ўтказилди.
Учрашувнинг дастлабки бўлимида Шота Арвеладзе шогирдлари ўйин жиҳатдан рақибдан устунлик қилган бўлишса-да, Игорь Сергеев бир қатор голли вазиятлардан фойдалана олмади. Саудияликлар эса бўлим охирида италиялик Себастиан Жовинконинг жарима зарбасидан киритган ажойиб голи эвазига танаффусга ғолиб сифатида чиқишди деб хабар берган Кун.уз
Иккинчи бўлимнинг 65-дақиқасида эса Гомис билан яккама-якка вазиятга қолган Элдор Суюнов жарима майдони ташқарисида тўпни қўли билан ўйнаб, майдондан четлатилди.
Бир киши кам бўлишга қарамай, захирадан майдонга тушган Эрен Дердийўқ 70-дақиқада ҳисобни тенглаштирди – 1:1.
Аммо ҳакам томонидан қўшиб берилган 7 дақиқанинг сўнгги сонияларида Баҳебрининг кучли зарбаси Анзур Исмоиловга тегиб, дарвозадан жой олди – 2:1.
Ушбу мағлубиятдан кейин «Ал Ҳилол» 9 очко билан гуруҳда 1-ўринга чиқиб олган бўлса, «Пахтакор» 6 очко билан 2-ўринга тушди.