Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида
(last modified Mon, 21 Sep 2020 16:02:57 GMT )
сентябр 21, 2020 21:02 Asia/Tashkent
  • Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида

"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий  йилнинг  14-20 сентябр  кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.

Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:

  1. Ўзбекистон Миллий банки Россия банклараро ахборот алмашув тизимига қўшилди/
  2. 1 октябрдан Ўзбекистон чегаралар очилади!
  3. 2020 йилда Ўзбекистонда иқтисодий ўсиш 0,5 фойизгача пасаяди.
  4. 30 млн долларни четга чиқариб юборган жиноий гуруҳ ушланди.
  5.  Россия бир миллиондан ортиқ ўзбекистонлик мигрантни амнистия қилади-ми?
  6. Хориждан Ўзбекистонга кириб келишнинг янги тартиби эълон қилинди.
  7. Толибон ўзбекистонлик мутахассисларни ҳимоя қилиши ва Ўзбекистон учун хавф туғдирмасликни таъкидламоқда.
  8. Самарқанд вилоятида ҳам 15 нафар "Хизб ут-Тахрир" аъзолари қўлга олинди.
  9. «Kun.uz» ўчириб ташланган мақоласини қайта эълон қилди ва ОАВга босим ўтказилганини билдирди.

Энди энг муҳим мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:

1 октябрдан Ўзбекистон ҳудудига авиация, темир йўл ва автойўл ўтказиш пунктлари орқали кириб-чиқишга рухсат берилди. Бу ҳақда Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг навбатдаги қарорида белгиланди

Қалампир.уз сайтига кўра, масъул идораларга чет давлатлар мутасадди идоралари билан музокаралар ўтказиб, барча турдаги халқаро қатновлар (авиа, темир йўл, автобус қатновлари) сонини кўпайтириш бўйича топшириқ берилди.

1 октябрдан бошлаб, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон ва Афғонистон билан чегарада жойлашган автойўл ўтказиш пунктлари орқали Ўзбекистонга кираётган шахслар коронавирусга ПЗР ёки экспресс-тест ёхуд антиген текширувидан ўтган ҳолда 14 кунга меҳмонхона ёки уй карантинига юборилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни аниқланганди. 16 мартдан эътиборан мамлакатда ҳаво, қуруқлик ва темир йўл орқали ташувлар тўхтатилди, чегаралар ёпилди.

Х  Х  Х

«Ўзбекистон24» телеканалида кетган репортажда маълум қилинишича, сохта тадбиркорлик субъектлари орқали 300 млрд сўм маблағ нақдлаштирилган ҳамда конвертация қилиниб, чет элга чиқариб юборилган.

Бу ишда тижорат банклари ходимлари ҳам иштирок этган. Битта операцияда 500-600 минг доллар нақдлаштирилган. Норасмий раҳбар чет элда туриб, сохта фирмаларни бошқариб келган.

Мазкур жиноий гуруҳ 2019 йилнинг апрелидан декабрига қадар 1 трлн сўмга яқин маблағларни нақдлаштириб, 200 млрд сўм атрофида солиқ ва бошқа тўловлардан бўйин товлаган. 10 млрд сўмга яқин давлат бюджети маблағини талон-торож қилган. Хабарда айтилишича, банк раҳбарияти ҳам жиноий гуруҳга раҳнамолик қилган.

Айбсизлик презумпцияси нуқтаи назаридан жиноят иштирокчилари, юридик шахслар номлари келтирилмаган.

Х  Х  Х

Ўзбекистон давлати Россияга кириши тақиқланган ёки айни вақтда ушбу мамлакат ҳудудида тақиққа тушишидан қўрқиб миграция хизматларидан яшириниб юрган юз минглаб фуқароларининг амнистия қилинишига эришишга ҳаракат қилмоқда.

Ўзбекистогн ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи биринчи ўринбосари Давлатназар Матрасуловнинг маълум қилишича, Россияда тақиққа тушиб қолиш эҳтимолидан қочиб юрган, яъни рўйхатда турмаган 600 минг нафар фуқаролар бор. Ўтган йиллар давомида яна 421 минг нафар ўзбекистонлик тақиққа учрагани учун Ўзбекистонга қайтиб келган.

“Куни кеча Россия Федерациясига кетган ишчи гуруҳимизнинг кун тартибидаги энг долзарб масалалардан бири – айнан шу фуқароларга амнистия эълон қилинишига эришиш ҳисобланади. Амнистия эълон қилинадиган бўлса, хориждаги фуқаролар жаримасиз, ҳеч қандай маъмурий жазо қўлланмаган ҳолда Ўзбекистонга қайтиб келиш ҳуқуқига эга бўлади. 421 минг киши тақиққа тушиб, бу давлатга кира олмай юрган бўлса, улар ишлаш учун яна хорижга чиқиш имкониятига эга бўлади”, - деди Давлатназар Матрасулов.

Бош вазир маслаҳатчиси Меҳриддин Хайриддинов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси президент Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан хорижда меҳнат қилаётган ўзбекистонликларга муносиб шарт-шароитлар яратиш ва улар билан тизимли ишлаш бўйича чора-тадбирлар ижросини таъминлаш мақсадида 16—29 сентябрь кунлари Россияда бўлади. Ташриф чоғида Россия Ички ишлар вазирлиги вакиллари ҳам учрашув ўтказиш режалаштирилган.

Х  Х  Х

Самарқанд вилояти ИИБига кўра бу вилоятда "Хизб ут-Тахрир" террорчилик ташкилоти аъзоларининг жиноий фаолиятига чек қўйилди

Спутник сайтигаькўра, "Жорий йилнинг 18 сентябрь куни ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ва Самарқанд вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолияти тақиқланган “Хизб ут-Тахрир” диний-экстремистик ташкилотининг Тойлоқ, Самарқанд, Ургут туманлари ва Самарқанд шаҳрида яшовчи 15 нафар аъзоларининг фаолиятига чек қўйилди", - дейилади хабарда.

Қўлга олинган шахсларнинг яшаш манзилларидан экстремистик мазмундаги материаллар процессуал тартибда расмийлаштирилиб олинган.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув тадбирлари амалга оширилмоқда, деб қўшимча қилинган хабарда.

Ўзбекистон Олий судининг 2016 йил 26 сентябрдаги қарорига асосан "Хизб ут-Тахрир" диний-экстремистик ташкилоти фаолияти Ўзбекистон Республикаси ҳудудида таъқиқланган ташкилотлар рўйҳатига киритилган.

Х  Х  Х

«Kun.uz» нашрида Қашқадарёнинг Китоб туманида маҳаллий маъмурият камбағаллик рўйхати («темир дафтар»)га киритилмаган шахсларга ер ажратиб берилгани тўғрисида мақола эълон қилинганди, бироқ у кейинроқ ўчириб ташланган эди.

Ўчириб ташланган материал «Daryo.uz» ва «Gazeta.uz» нашрларида эълон қилинганидан сўнг ижтимоий тармоқларда блогерларнинг кенг муҳокамасига сабаб бўлди. 19 сентябрь куни «Kun.uz» ушбу мақолани қайта эълон қилди ва уни «турли шахслар ўз амал ва имкониятларидан фойдаланиб, қўнғироқлар билан мақолани сайтдан ўчиртиришганини» билдирди.

«Темир дафтарʼ бўйича навбатдаги спектакль. Ролларда яна маҳалла раиси ва туман мутасаддилари» сарлавҳаси остидаги мақола 15 сентябрь куни соат 21:20 да эълон қилинган (у 15 минг мартадан кўпроқ ўқилган), аммо кўп ўтмай ўчириб ташланган ва унинг нусхаси Google кешида сақланиб қолган.

Мухбирлар томонидан Қашқадарёга уюштирилган пресс-тур чоғида тайёрланган ушбу мақола эълон қилингач, турли шахслар ўз амал ва «имконият»ларидан фойдаланиб, қўнғироқлар билан мақолани сайтдан ўчиртиришди. Бироқ бу хатти-ҳаракат тескари самара бериб, журналист ва блогерларнинг диққат марказига тушди ва мақола бошқа платформалар орқали янада кенгроқ тарқала бошлади.

Чунки мақолада ҳеч кимга туҳмат қилинмаган, воқеа бор бўй-басти билан кўрсатилган. Зеро давлат раҳбари ва ҳукуматнинг аҳолига ижтимоий ёрдам бериш борасидаги қарор ва топшириқларини бажаришда жойлардаги раҳбарлар ҳайбаракаллачилик ва кўзбўямачиликка йўл қўйишаётгани ҳаммада ҳақли эътироз уйғотмоқда.

Боз устига, давлат раҳбари ҳар чиқишида сўз эркинлигини таъминлаш ва жамоат назоратини кучайтириш ҳақида гапириб турган бир даврда эскича ишлашга ўрганиб қолган айрим амалдорларнинг кўзбўямачилик ва сўз эркинлигини бўғишга қаратилган хатти-ҳаракатлари бундан буён мана шундай тескари самара беришини англаб олишлари керакмикан...