Яна Гулнора Каримова ҳақида
ИИВ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Умида Абдуллаева қамоқда жазосини ўтаётган Гулнора Каримованинг коронавирусга чалингани борасида хабарлар асоссиз эканини билдирган.
Абдуллаева бу ҳақида 12 ноябрь куни Ўзбекистон Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан ўтказилган матбуот анжумани давомида гапирган.
Октябрь ойида Гулнора Каримованинг қизи Имон Каримова ўзининг Instagram саҳифасида Зангиотадаги аёллар колониясида сақланаётган онасининг коронавирус юқтириб олган бўлиши мумкинлиги, аҳволи оғирлиги, аммо президент администрациядан келган буйруқ асосида колония раҳбарияти маҳкумага тиббий ёрдам бермаётганини иддао қилган эди.
Колония бошлиғи Гулрух Каримова 22 октябрь куни Би-би-сига бу хабарларни на рад этган, на тасдиқлаган эди.
Шунингдек, 12 ноябрь куни ўтган матбуот анжуманида Сенат раиси Танзила Норбоева ҳам Каримова борасида фикр билдирган.
"Гендер тенглиги ҳақида гапиряпмиз — аёлми, эркакми, жиноят қилса, тенг жавоб бериши керак", деган Норбоева.