Шавкат Мирзиёев БАА энергетика ва инфратузилма вазири бошчилигидаги делегацияни қабул қилди
Шавкат Мирзиёев 3 март куни Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) энергетика ва инфратузилма вазири Суҳайл ал-Мазруий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.
Тошкентда бўли ўтган учрашувда кўп қиррали Ўзбекистон ва БАА ҳамкорлигини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилгани маълум этилди.
Давлат раҳбари олий даражада, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестиция ва молия соҳаларида эришилган келишувларни амалга ошириш борасида иккала томоннинг фаол саъй-ҳаракатларини мамнуният билан қайд этди. Ўзбекистонда пандемия оқибатларини енгиб ўтишда амирликлар ҳукумати томонидан кўрсатилган ёрдам учун самимий миннатдорлик билдирилди.
Ўз навбатида, вазир Суҳайл ал-Мазруий давлат раҳбарига БАА Президенти Шайх Халифа Ол Наҳаён, Абу-Даби Амирлиги валиаҳди, БАА Қуролли Кучлари олий бош қўмондони ўринбосари Шайх Муҳаммад Ол Наҳаён ва БАА бош вазири, Дубай амири Шайх Муҳаммад Ол Мактумнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди, шунингдек, Ўзбекистонда БАА инвесторларининг фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани учун миннатдорлик билдирди.
Таъкидланишича, суҳбатда хусусий инвестицияларни жалб қилган ҳолда, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш, амирликлар бозори ва учинчи мамлакатларга етказиш бўйича агросаноат тармоғида қўшма лойиҳаларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, муқобил энергиядан фойдаланиш соҳасида, энергетика ва бошқа муҳим инфратузилма объектларини модернизация қилиш, замонавий меҳмонхона мажмуаларини барпо этиш бўйича йирик лойиҳаларни фаол ишлаб чиқиш ва амалга оширишни давом эттиришга, шунингдек, янги ишбилармонлик ташаббуслари доирасида инвестициялар портфелини кенгайтириш ва молиявий-техник кўмак дастурларини рўёбга чиқаришга келишиб олинди.
Бундан ташқари, таълим соҳасида самарали ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда БААнинг етакчи ташкилотлари иштирокида бошқарув соҳасида миллий кадрларни тайёрлаш муҳим экани таъкидланди.