Ўртоқлик учрашуви
Ўзбекистон миллий жамоаси Тошкентда Ироққа мағлуб бўлди
ЖЧ-2022 ва Осиё кубоги-2023 саралаш босқичига тайёргарлик доирасида Ўзбекистон миллий жамоаси Тошкентда Ироққа қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушди.
«Бунёдкор» стадионида кечган баҳснинг мақоми ўртоқлик бўлса-да, икки томон ҳам расмий ўйиндаги муҳим баҳсга майдонга тушгандек ҳаракат қилишди.
Вадим Абрамов уч кун аввал Наманганда ганаликларга қарши ўйинда туширилган таркибга ишонч билдирди. Фақатгина дарвозада бу сафар Жавоҳир Илёсов ўрнига Абдувоҳид Неъматов, ҳимояда Анзур Исмоилов нуқтасида Ислом Тўхтахўжаев майдонга тушди.
Вакилларимиз ўйин давомида кўпроқ тўпга эгалик қилган ва ҳужумкор тўп сурганига қарамай, ҳисоб меҳмонлар томонидан очилди. 56-дақиқада ироқликлар томонидан узоқдан йўлланган зарбани Неъматов қайтарган бўлса, бир дақиқа олдин майдонга тушган Карим Латиф томонидан йўлланган такрорий зарба олдида ожиз қолди – 0:1.
Миллий жамоамиз минглаб мухлислар қўллаб-қувватлаши остида ўйин якунигача ҳисобни тенглаштириш илинжида ҳар қанча уринмасин, Ироқ миллий жамоаси ҳимоя қўрғони ва дарвозасини доғда қолдиришнинг имкони топилмади.
Якунда Вадим Абрамов шогирдлари март ойидаги сўнгги ўртоқлик учрашувини Тошкентда мағлубият билан якунлашди.
Халқаро ўртоқлик учрашуви. 29 март (душанба).
ТошкентЎзбекистон – Ироқ – 0:1
Бош ҳакам: Нурзатбек Аскар Уулу (Қирғизистон)
Гол: Карим Латиф, 56.
Ўзбекистон: Абдувоҳид Неъматов, Ислом Тўхтахўжаев, Азимжон Аҳмедов, Фаррух Сайфиев (Санжар Қодирқулов, 71), Иброҳимхалил Йўлдошев, Отабек Шукуров, Одил Ҳамробеков, Остон Ўрунов (Ойбек Бозоров, 61), Сардор Рашидов (Достонбек Ҳамдамов, 46), Жалолиддин Машарипов, Элдор Шомуродов.
Ироқ: Жалол Ҳошим, Аҳмед Иброҳим, Қосим Али Файоз, Сафаъ Ҳоди, Ҳусайн Али, Иброҳим Баеш (Шерло Карим Латиф, 56), Тариқ Ҳумам, Башар Ресан, Амжад Атван (Қосим Мажид, 56), Дурғам Исмоил, Файсал Жассим.