Шавкат Мирзиёев: «Ҳеч қаерни ёпмаймиз, лекин тартиб-интизомни кучайтирамиз»
Президент Шавкат Мирзиёев олдинги тартиб тикланиши, лекин иқтисодиётга зарар келтирмаслик учун ҳеч қаер ёпилмаслиги, шу билан бирга тартиб-интизом кучайтирилиши, касалланганларни ҳам тез-тез даволаш чораларини кўриш кераклигини айтди.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 1 апрель куни аҳоли саломатлигини сақлаш ва коронавирусга қарши курашиш борасида қилинаётган ишлар ҳамда келгусидаги устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Давлат раҳбари коронавирус пандемияси билан боғлиқ вазиятга алоҳида тўхталди.
Бош вазирга коронавирусга қарши курашиш бўйича ҳудудий штаблар фаолиятини кучайтириш, тун-у кун ишлайдиган «колл-марказ»лар ва мобил бригадалар фаолиятини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди.
Дори-дармон ва ҳимоя воситаларининг камида 3 ойлик захирасини шакллантириш, ҳудудларда 60та кислород станциясини ишга тушириб, реанимация ва интенсив даволаш бўлимларини кислород билан таъминлаш вазифаси қўйилди.
Апрель-июнь ойларида хавф гуруҳига мансуб 4 миллиондан ортиқ аҳолини коронавирусга қарши эмлаш режалаштирилган. Ҳозирда 660 минг доза вакцина олиб келинган. Ҳукумат комиссиясига Хитойдан яна 3,5 миллион доза ва Россиядан 1 миллион доза вакцина сотиб олиш бўйича кўрсатма берилди.