«Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жоме масжидида таровеҳ намози ўқилди
(last modified Tue, 13 Apr 2021 06:06:56 GMT )
апрел 13, 2021 11:06 Asia/Tashkent
  • «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жоме масжидида таровеҳ намози ўқилди

2021 йил 12 апрель куни «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жоме масжидида Рамазоннинг дастлабки таровеҳ намози ўқилди.

Унда кўплаб ҳамюртларимиз иштирок этиб, Ҳамидуллоҳ қори Арипов ва Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид қориларга сомеъ ҳолда Қуръон тинглашиб таровеҳ намозларини адо этишди. Ибодатлар адо этилгач жамоат ила дуолар қилинди ва «Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф» жоме масжидининг имом-хатиби Исмоил Муҳаммад Содиқ муборак Рамазон ойи билан барчани табрикладилар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ойи кириши арафасида шундай марҳамат қилганлар: «Эй инсонлар! Улуғ, муборак ой сизларга соя солиб турибди. Бу ойда минг ойдан кўра яхшироқ бир кеча бор. Аллоҳ таоло бу ойнинг рўзасини фарз қилди, кечаси бедор бўлишни нафл қилди. Ким унда бирор бир яхшилик билан Аллоҳга яқинлик ҳосил қилса, худди бошқа ойларда бир фарзни адо қилганга ўхшайди. Ким унда бир фарз амални адо этса (бошқа ойларда) етмишта фарзни адо қилгандек бўлади. Бу ой сабр ойидир. Сабрнинг савоби жаннатдир. Бу ой ўзгаларга меҳр-мурувват кўрсатиш ойидир. Бу ойда мўмин кишининг ризқи зиёдалашади. Ким бирор рўзадорга ифторлик қилиб берса, бу унинг гуноҳларига мағфират ва жаҳаннамдан озод бўлишига сабаб бўлади. Ҳамда ифторлик қилиб берганга ҳам рўзадорнинг ажридан бирор нарса камайтирилмаган ҳолда, ўшанча ажр бўлади».

Имом Байҳақий, Ибн Ҳузайма ривояти.

Ушбу ойнинг ғанимат онларини Роббимиз ризоси учун чин ихлос ила гўзал ибодатлар ва солиҳ амаллар қилиш билан ўтказиш, унинг даргоҳида улуғ ажру-мукофотлар ва жаннатда олий даражалар соҳиби бўлишни насиб этсин.

Рамазон барчамизга муборак бўлсин!

Islom.uz