Ўзбекистон ва Россия логистика йўлакларини ривожлантириш мақсадида "йўл харитаси" ни имзолашди
Тошкентда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ва Россия ҳукумати раисининг ўринбосари Алексей Оверчук учрашуви бўлиб ўтди.
Ўзбекистон ва Россия расмийлари учрашувида, инвестициявий алоқаларни мустаҳкамлаш ҳақида сўз юритилиб, ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳудудлараро ҳамкорликнинг II форумига тайёргарлик кўриш доирасида инвестициявий ва савдо битимлари ишлаб чиқиш мақсадида, Ўзбекистон ва Россия турли ҳудудлари маъмуриятлари раҳбарларининг 42та ўзаро ташрифи ташкил этилиши маълум қилинди.
Учрашувда логистика йўлакларини ривожлантириш соҳасидаги ўзаро англашув меморандумини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” имзоланди. Ҳужжатда зарур инфратузилмани яратиш ва тегишли логистика хизматини ташкил этиш бўйича биринчи даражали чора-тадбирлар белгиланган.
Ҳужжатда божхона, санитария ва фитосанитария тартиб-таомилларини такомиллаштириш, икки мамлакат ўртасида товарларни ўтказиш тартибини соддалаштириш, давлат органлари ўртасида рақамлаштириш соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш бўйича икки томонлама ҳамкорлик қилишнинг шакллари белгиланган. Унда, шунингдек, инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш, хусусан, агрологистика ва улгуржи тақсимот марказларини ташкил этиш бўйича аниқ амалий чора-тадбирлар қайд этилган.
Шундай чора-тадбирлардан бири “Агроэкспресс” мунтазам маршрут поездини “яшил йўлак” тамойили асосида ташкил этиш бўлиб, у Ўзбекистондан Россияга қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўпи билан беш кунда етказиб беришни таъминлайди.