Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлади
(last modified Wed, 22 Sep 2021 06:12:15 GMT )
сентябр 22, 2021 11:12 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлади
    Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлади

Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессиясида видеомурожаат билан сўзга чиқиб, Афғонистон муаммосини кўтарди.

Ўзбекистон президенти, Марказий Осиё минтақасида ўзаро ҳамжиҳатлик ва ҳурмат, яқин қўшничилик ва стратегик шериклик руҳидаги мутлақо янги сиёсий муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар қатъий давом эттирилишини таъкидлади.

Афғонистон Марказий Осиёнинг узвий қисми эканини яна бир бор таъкидламоқчиман. Бу давлатда тинчлик ва осойишталик ўрнатилишидан нафақат биз, қўшни мамлакатлар, балки бутун дунё манфаатдордир. Шу боис, биз афғон халқига ҳамиша қўлдан келган ёрдамни кўрсатмоқдамиз.

Яқинда ўзбек-афғон чегарасини очиб, ушбу мамлакатга бирламчи зарур бўлган озиқ-овқат, нефть маҳсулотлари ва электр энергияси етказиб беришни қайта тикладик.

Ҳозирги қийин даврда Афғонистонни яккалаб, уни муаммолар гирдобига ташлаб қўйиш мумкин эмас. Маълумки, биз ўтган йили ушбу олий минбардан туриб, БМТ ҳузурида Афғонистон бўйича доимий фаолият юритадиган қўмита ташкил этиш таклифини билдирган эдик.

Афғон масаласида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг таъсири ва овози ҳар қачонгидан ҳам кучлироқ янграши лозим.

 

Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлаш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сургани ҳақида маълум қилинди. Шу муносабат билан Афғонистон Марказий Осиёнинг узвий қисми экани яна бир бор таъкидланди.

«Бугун инсоният ўз тараққиёт йўлининг туб бурилиш даврини бошидан кечирмоқда, халқаро муносабатларнинг табиати кескин ўзгармоқда.

Тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга трансмиллий таҳдидлар тобора кучаймоқда, иқлим жадал ўзгармоқда, оммавий миграция оқимлари кўпаймоқда, анъанавий қадриятлар завол топмоқда.

Ишончим комилки, бундай мураккаб шароитда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган тузилмаларининг дунё миқёсидаги аҳамияти ва ўрни тобора ортиб бормоқда.

Жаҳон тақдири билан боғлиқ ушбу муҳим жараёнларда aйнан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўзининг етакчилик ролини янги мазмун ва сифат билан давом эттириши зарур.

Биз Бош котибнинг халқаро муносабатлар тизимида ҳамжиҳатлик ва бирдамликни мустаҳкамлаш, ташкилот фаолиятининг самарадорлигини ва шаффофлигини оширишга қаратилган  ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз», деди Шавкат Мирзиёев.

«Бугун глобал офатга айланган COVID-19 пандемияси ва унинг нафақат ижтимоий-иқтисодий, балки маънавий-сиёсий оқибатлари диққат марказимизда турибди.

Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмаслик, ҳамма учун ва барча жойда”, деган тамойил асосида вакциналардан тенг ва адолатли фойдаланиш имкониятини яратишга доир ёндашувини тўлиқ маъқуллаймиз.

Фурсатдан фойдаланиб, COVAX глобал платформаси доирасида бизга кўрсатилаётган амалий ёрдам учун хорижий ҳамкорларимизга алоҳида ташаккур изҳор этаман.