Брянск минтақасида Украина махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилган ўзбекистонлик эркак қўлга олинди
Брянск вилояти бўйича чегара бошқармаси ходимлари Украина махсус хизматлари билан ҳамкорлик қилган ўзбекистонлик эркакни қўлга олганини РИА Новости хабар қилган.
Россия Федерал хавфсизлик хизмати хабарига таяниб, Дарё сайтининг хабар қилишича, қўлга олинган 40 ёшли фуқарода гиёҳвандликдан мастлик аломатлари бўлган. Тинтув вақтида унинг ёнидан фото, видео ва аудиофиксация қилиш учун махсус техник воситалар, шунингдек, гиёҳванд модда деб тахмин қилинаётган кукунсимон модда топилган.
«Суриштирув давомида аниқланишича, ҳуқуқбузар 2019 йилдан бери Украина ҳуқуқ-тартибот органлари билан махфий асосда ҳамкорлик қилиб келган. Россия Федерациясига ноқонуний кирмоқчи бўлган шахс ниқоби остида навбатдаги вазифани бажараётганда, у жиноий доиралар вакиллари билан боғланиб, 27 минг гривен пул мукофоти эвазига унга Россия ҳудудига ноқонуний ўтишда ёрдам беришни сўради», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, конспиратив тадбирдан мақсад «чет эл фуқаросининг Россияга ноқонуний ўтишини ташкиллаштиришга уринишда шерикларини ҳибсга олиш учун шароит яратишдир». Аммо Ўзбекистон фуқаросининг сўзларига кўра, нимадир хато бўлиб, шериклари қўлга олинмаган, у эса Россия чегарасини ноқонуний кесиб ўтишга мажбур бўлган.