Ўзбекистон ва Россия бош прокурорлари 2023 йилгача ҳамкорлик дастурини имзолади
Кеча Ўзбекистон бош прокурори Ниғматилла Йўлдошев Тошкентга ташриф буюрган Россия бош прокурори Игорь Краснов билан учрашди.
Ўзбекистон ва Россия прокурорлари Россия делегацияси вакилларига Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистон ҳаётининг барча жабҳаларида, хусусан, суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, шунингдек, прокуратура органларининг фаолият йўналишлари ҳақида маълумот берилди.
Тарафлар ўзаро манфаатли бўлган кенг қамровли масалаларни муҳокама қилдилар ва идоралараро ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари бўйича фикр алмашди.
Хусусан, ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш, коррупцияга қарши кураш соҳаларида тажриба алмашиш ҳамда прокуратура органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш соҳаларида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди.
Учрашув якунига кўра ҳар икки давлат Бош прокуратураси ўртасида илм-фан ва таълим соҳаларида ҳамкорлик тўғрисида меморандум ҳамда 2021—2023 йилларга мўлжалланган идоралараро ҳамкорлик дастури имзоланди.