Ўзбекистон мусулмонлар идораси: ўзбекистонлик Умра зиёратчиларига енгилликлар берилмаган
(last modified Thu, 28 Oct 2021 06:27:10 GMT )
октябр 28, 2021 11:27 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон мусулмонлар идораси: ўзбекистонлик Умра зиёратчиларига енгилликлар берилмаган
    Ўзбекистон мусулмонлар идораси: ўзбекистонлик Умра зиёратчиларига енгилликлар берилмаган

Аввалроқ, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси тизимига кирувчи Тошкент шаҳар вакиллиги Саудия Арабистони умра зиёратчиларига енгилликлар бергани ҳақида маълум қилган эди.

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ушбу маълумот ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирди. 

Умра зиёратига борувчиларнинг 14 кун кутишлари шарт эмаслиги фақат Саудия Арабистони фуқаролари ва бу мамлакатда бўлиб турган хорижий фуқароларга тегишли. Хориж мамлакатларидан келадиган фуқароларга қўйилган чекловлар бекор қилингани тўғрисида маълумотлар мавжуд эмас.

Шунингдек, идора Ўзбекистоннинг Жиддадаги Бош консулхонаси “Ҳаж” ва “Умра” масалалари бўйича Атташеси билан доимий мулоқот қилиб, муборак сафарлар билан боғлиқ ҳар бир жараённи диққат билан кузатиб бораётганини билдирган.

“Жумладан, 28 октябрь кунидан бошлаб, Ҳаж ва Умра вазирлигининг “Иътамарна” (“Умра қилдик”) мобил дастури орқали айни вақтда Саудия Арабистонида истиқомат қилаётган аҳоли ва подшоҳликда бўлиб турган чет эл фуқаролари учун ўрнатилган 14 кун ичида фақат бир маротаба умра амалини адо этиш чеклови олиб ташланди. Содда қилиб айтганда, аввалги тартиб бўйича Макка шаҳрида бўлиб турган фуқаро Масжидул Ҳарамга эҳром кийган ҳолда умранинг тавоф ва саъй амалини бир марта бажаргандан кейин, навбатдаги умра қилиши учун 14 кундан кейин рухсат берилар эди. Эндиликда, янги қоидага кўра, Макка шаҳрида истиқомат қилаётган аҳоли ёки ушбу шаҳарда вақтинча яшаб турган хорижликлар бир неча бор умра амалини адо этиши мумкин бўлади.

Таъкидлаш зарурки, ушбу енгиллик фақатгина айни вақтда Саудия Арабистонида истиқомат қилаётган аҳоли ва вақтинча яшаб турган чет эл фуқароларига тегишлидир. Хориж мамлакатларидан келадиган фуқароларга қўйилган чекловлар бекор қилингани тўғрисида маълумотлар мавжуд эмас”, дейилади хабарда.