Ўзбекистон ДХХ -си томонидан Сурхондарёда 115 килодан ортиқ гиёҳванд моддалар мусодара қилинди
(last modified Sun, 21 Nov 2021 06:11:38 GMT )
ноябр 21, 2021 11:11 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ДХХ -си томонидан Сурхондарёда 115 килодан ортиқ гиёҳванд моддалар мусодара қилинди
    Ўзбекистон ДХХ -си томонидан Сурхондарёда 115 килодан ортиқ гиёҳванд моддалар мусодара қилинди

ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари Термиз шаҳрида ўтказган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида 115 килодан ортиқ гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний муомаласига чек қўйди.

39 ёшли фуқаро 28,89 килограмм опий ҳамда 2 килограмм гашиш моддаларини, шунингдек, бошқа бир ҳолатда эса муқаддам гиёҳванд моддалар билан боғлиқ жиноят содир этгани учун судланган ака-ука (1962 ва 1970 йилларда туғилган) 9,16 килограмм опий ва 446 грамм героин моддаларини келгусида сотиш мақсадида қабул қилиб олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳар икки ҳолатда ҳам гиёҳванд моддалар афғонистонлик наркокурьерлар томонидан мамлакат ҳудудига олиб ўтилган деб хабар қилган Дарё сайти.

Сариосиёда кузатилган ҳолатда тожикистонлик наркокурьерлар томонидан туманнинг тоғли ҳудудига ўтказилиб, хуфия жойга беркитиб кетилган 28,5 килограмм опий моддасини қабул қилиб олган 31 ёшли маҳаллий фуқаро ушланган.

ДХХ ходимларининг Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси билан ҳамкорликда Термиз шаҳрида ўтказган тезкор тадбирида эса 52, 51 ва 31 ёшли уч нафар фуқаро 481 грамм опий моддасини 9400 АҚШ долларига сотган вақтларида қўлга олинган.

Ўзбекистон ДХХ, ИИВ ҳамда Давлат божхона қўмитасининг ҳудудий бошқармалари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Термиз тумани «Мангузар» ЙПХ масканидан ўтиб, вилоят маркази томон ҳаракатланаётган Spark автомашинаси тўхтатилган.

Автомашина кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган, Тожикистон фуқароси (Душанбе шаҳрида истиқомат қилувчи, 34 ёшли) ва деновлик фуқарога (Денов туманида яшовчи 36 ёшли) тегишли юк сумкаларида Афғонистондан контрабанда йўли билан олиб келинган 45,9 килограмм гашиш борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.