Эпидемияларга тайёрлик рейтингида Ўзбекистон 82 - ўринда
Американинг Nuclear Threat Initiative нотижорат ташкилоти, Жон Хопкинс университети Саломатлик хавфсизлиги маркази ва Economist журнали таҳлил маркази томонидан тузилган эпидемияларга тайёрлик рейтингида Ўзбекистон 82-чи ўринни эгаллади.
Тожикистон рейтингда 140-ўринни эгаллади. Қозоғистон 55-ўринда, Қирғизистон 68-ўринда, Ўзбекистон 82-ўринда, Туркманистон 119-ўринда деб хабар қилган Кун сайти.
Рейтингга дунёнинг 195 та давлати киритилган. Биринчи ўнталикдан АҚШ, Австралия, Финландия, Канада, Таиланд, Словения, Буюк Британия, Германия, Жанубий Корея ва Швеция жой олган. Сўнгги ўн ўрин (195 дан 185 гача) Сомали, Яман, Шимолий Корея, Сурия, Экваториал Гвинея, Науру, Марказий Африка Республикаси, Тувалу, Ниуэ ороли, Венесуэла ва Жанубий Суданга насиб қилди.
Рейтингни тузишда мамлакатларга олтита тоифа бўйича балл берилди. Биринчи тоифа - «Олдини олиш» (Prevent). Унда микроорганизмларга қарши кураш сифати ва эмлаш даражаси ҳисобга олинди. Иккинчи тоифа - «Аниқлаш» (Detect). Учинчи тоифа - «Реакция» (Respond). Бу фавқулодда вазиятларга тайёрлик, соғлиқни сақлаш органларининг тайёргарлик даражаси, инқирозга қарши коммуникация сифатини ҳисобга олади. Тўртинчи тоифа - «Саломатлик» ((Health)). Унда шифохоналар ишининг сифати, шифокор ва ҳамширалар сони, карантин чораларини қўллаш имкониятлари ўрганилади. Бешинчи тоифа - «Қонунчилик» (Norms). Гап соҳага тааллуқли қонунларнинг сифати, халқаро шартномаларда иштирок этиш, эпидемияга қарши курашни молиялаштириш ҳақида бормоқда. Олтинчи тоифа - «Хавф» (Risk). У инфекцияларга қарши курашни мураккаблаштирадиган сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, инфратузилмавий ва бошқа хавфларни ҳисобга олади.