Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси сайти хакерлар ҳужумига учради
Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси сайти киберҳужумга учрагани хабар қилинмоқда.
Бугун тонгда у ерда Ўзбекистон элчихонаси маълумотлари эмас "Россиянинг Украинага бостириб киргани" тўғрисидаги пропаганда маълумотлар жойлаштирилган. Хакерлар у ерга портлатилган ҳарбий техника, Украина шаҳарларига "ҳужум" фото ва видеоларини жойлаштириб, ҳаммани намойишга чиқишга чақирган деб хабар қилган Спутник сайти.
Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси 1,5 минг фуқарони Украинадан эвакуация қилиш ишларини мувофиқлаштириш билан фаол шуғулланиб келмоқда. Ўзбекистон фуқаролари ташкиллаштирилган тартибда Украинанинг Львов шаҳри орқали дастлаб Польшага, ундан сўнг Ўзбекистонга махсус парвозлар орқали олиб чиқилмоқда. Элчихона саҳифасида ушбу ташкилий ишларга доир ахборот ҳам мунтазам жойлаштириб келинаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин Anonymous гуруҳи хакерлари Россияга нисбатан киберҳужум эълон қилишган эди. Бугунг қадар хакерлар Россининг бир неча йирик ОАВлари саҳифаларини бузишга муваффақ бўлишди. Улар орасида ТАСС, РБК, Forbes, "Коммерсант", "Такие дела", "Фонтанка", "Известия", Buro 24/7, PeopleTalk ва бошқалар бор.
Ундан ташқари, Россия Рақамли ривожланиш вазирлиги хакерлар Россия Давлат хизматлари порталига ҳам юқор профессионал даражада уюштирилган ҳужумлар кузатилаётганини маълум қилган эди.