Ўзбекистон президенти “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонунни имзолади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев “Киберхавфсизлик тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Мирзиёев имзолаган қонунга кўра, кибермаконда шахс, жамият ва давлат манфаатларини ташқи ва ички таҳдидлардан ҳимоя қилиш давлатнинг киберхавфсизлигини таъминлашда устувор ҳисобланади.
Киберхавфсизлик соҳасидаги ягона давлат сиёсатини президент белгилайди. Давлат хавфсизлик хизмати киберхавфсизлик соҳасидаги ваколатли давлат органидир .
Қонунга кўра, давлат органлари ва ташкилотлари киберхавфсизликни таъминлаш мақсадида ваколатли давлат органидан кибертаҳдидлар, дастурий таъминотдаги, ускуналар ва технологиялардаги заифликлар тўғрисидаги ахборотни олиш ҳуқуқига эга.
Давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимлари ҳамда ресурслари маълумотларининг сақланишини таъминлаш маълумотларнинг захира нусхаларини яратиш йўли билан амалга оширилади, уларнинг сақланиш муддати охирги 3 ойдан кам бўлмаслигикерак.
Киберхавфсизлик талабларига мувофиқлик юзасидан экспертиза мажбурий тартибда ёки киберхавфсизлик субъектларининг ташаббусига кўра амалга оширилади.
Қуйидагилар киберхавфсизлик талабларига мувофиқлик юзасидан мажбурий тартибда экспертизадан ўтказилиши лозим:
давлат органларининг ахборот ресурслари;
давлат органларининг ахборот тизимлари;
муҳим ахборот инфратузилмаси объектлари тоифасига киритилган ахборот тизимлари.