Самарқанднинг Нуробод туманида йирик қуёш фотоэлектр станцияси ишга туширилди
Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида қурилган, қуввати 100 мегаваттга тенг бўлган йирик қуёш фотоэлектр станцияси Ўзбекистоннинг ягона электр тармоғига қувват узатишни бошлади
Ўзбекистон Энергетика вазирлигига кўра, қуёш фотоэлектр станциясининг умумий қиймати 100 миллион долларга тенг.
У ерда йилига 260 миллион киловатт-соат электр энергия ишлаб чиқарилади ва 80 мингдан ортиқ хонадон электр энергияси билан таъминланади.
“Станция ишга туширилиши натижасида йилига 78 миллион куб метр табиий газ тежалишига эришилади ҳамда атмосферага 100 минг тонна зарарли чиқиндиларнинг чиқиши олди олинади”, - дейилади хабарда.
Ушбу ҳажмдаги тежалган газ билан республикадаги мавжуд барча аҳоли хонадонларини ўн кун давомида табиий газ билан таъминлаш мумкин.
Станция қурилишига 400 нафар ишчи-ходимлар жалб этилган бўлса, лойиҳа ишга тушиши натижасида 25 та янги иш ўрни яратилди.