Ўзбекистон президенти БМТ бош котибининг биринчи ўринбосарини қабул қилди
Кеча Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда ташриф билан бўлиб турган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммад билан учрашув ўтказди
Жаҳоннинг бош халқаро ташкилоти делегацияси таркибида учрашувда БМТ Европа иқтисодий комиссияси раҳбари Олга Алгаерова ва БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги доимий координатори Роли Астхана ҳам иштирок этган. Мамлакатда барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш доирасида БМТнинг институт ва марказлари билан кўп қиррали ва самарали ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.
Амина Муҳаммад Ўзбекистон президентига ташкилот бош котиби Антониу Гутерришнинг саломи ва эзгу тилакларини етказган. Таъкидланганидек, БМТ Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган очиқ ва прагматик сиёсатни, шунингдек, 2030 йилга қадар барқарор тараққиёт соҳасидаги глобал кун тартибининг асосий вазифалар дастурини юқори баҳолаган.
Ўзбекистон президенти ва БМТ Бош котиби ўринбосари учрашувида фаол мулоқот ва алмашинувларни давом эттириш, Ўзбекистонда барқарор ривожланишнинг, энг аввало, аҳоли турмуш сифатини яхшилаш ва фаровонлигини юксалтиришга қаратилган асосий мақсадлари ижросини таъминлаш учун ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва қўшма тадбирларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган. Камбағалликни қисқартириш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида кенг кўламли ислоҳотларни илгари суриш, гендер тенглик бўйича миллий стратегияни амалга ошириш, «яшил» энергетикани жадал ривожлантириш, инновациялар ва рақамли технологияларни жорий қилиш, инфратузилмани модернизация қилиш ва бошқа масалалар яна бир бор шерикликнинг устувор соҳалари сифатида қайд этилган. Халқаро сиёсат масалалари ва минтақавий муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилган.
БМТ Бош котибининг биринчи ўринбосари Амина Муҳаммад Марказий Осиё мамлакатлари минтақада дўстлик, яхши қўшничилик, ишонч ва шериклик муносабатларини мустаҳкамлашда улкан муваффақиятларга эришганини катта мамнуният билан қайд этган. Ўзбекистоннинг Афғонистонда бардавом тинчликни таъминлашга ҳамда ушбу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига, шу жумладан йирик транспорт ва энергетика лойиҳаларини илгари суриш орқали кўмаклашиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаган.