Норов БМТ бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили ўринбосари билан мулоқот қилди
Кеча «Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш» мавзусидаги халқаро конференция доирасида Ўзбекистон ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов БМТ бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили ўринбосари, БМТнинг Афғонистонга ёрдам миссияси раҳбари Маркус Поцел билан учрашди.
Ўзбекистоннинг БМТ ва унинг институтлари, хусусан, ЮНАМА билан ўзаро ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама этилди.
В.Норов БМТ барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ мос келадиган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди деб Кун сайти.
Афғонистондаги мавжуд вазият юзасидан фикр алмашилди. М.Поцел президент Шавкат Мирзиёевнинг Афғонистон бўйича халқаро конференция ўтказиш ташаббусини юқори баҳолади. Анжуман афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиш ва мамлакат иқтисодиётини тиклаш масалалари бўйича халқаро ҳамжамият умумий ёндашувларини ишлаб чиқиш учун муҳим асос яратади.
Бу галги конференция Ўзбекистоннинг Афғонистондаги вазиятни тартибга солишдаги муҳим ва ўзгармас ролини яна бир бор тасдиқлаб, Ўзбекистон томонининг Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий ва инфратузилмавий тиклашга қўшган ҳиссаси халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилганидан далолат бериши таъкидланди.