Ўзбекистон ва Россия хавфсизлик кенгашлари котиблари мулоқот қилдилар
Ўзбекистон хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов Россия хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев билан учрашиб, музокара ўтказди.
Ўзбекистон ва Россия расмийлари, стратегик шериклик ва иттифоқчиликка асосланган Ўзбекистон-Россия муносабатлари жадал ривожланиб бораётганини қайд этиб, бугунги кун олдида турган вазифаларнинг оғирлигига қарамай, икки мамлакат ҳукуматлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари даражасида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтириш бўйича кенг қамровли ишлар давом этаётганини маълум қилди.
Россия ва Ўзбекистон махсус хизматлари, ҳарбий идоралари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва адлия идоралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг кейинги режалари билан боғлиқ масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Бир қатор минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди. Россия томони “Ғарб давлатлари ва биринчи навбатда АҚШнинг МДҲ ҳудудида кескинлик ўчоқларини яратиш истаги”дан хавотир билдирди.
Учрашув якунида Россия ва Ўзбекистоннинг кўп томонлама, жумладан, Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги ўзаро ҳамкорлиги, Ўзбекистоннинг ушбу ташкилотга раислигида режалаштирилган тадбирларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.