Россияга ўқишга юборилган ўзбекистонлик талабалар кўчада қолган-ми?
Россияда бўлиб турган йигирмага яқин йигит-қизларнинг президентга мурожаати ижтимоий тармоқларда тарқатилиб кўп шов-шувларга сабабўлди.
Ўзбекистонлик бу талабалар, Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти раҳбарияти томонидан алданишгани, айни пайтда бошқа давлатда кўчада қолиб кетганликларидан шикоят қилишади.
“Биз уч йил Ўзбекистонда, тўртинчи ва бешинчи курсларни Кроснадар шаҳрида ўқишимиз керак эди. Бу ерга келганимиздан сўнг бир қисмимизни қабул қилиб, қолганларга рад жавобини беришмоқда. Муаммомиз шундаки, 30 август куни бизни ётоқхонадан чиқариб юборишади. Борадиган жойимиз йўқ. Ҳозир шартномамиз бекор қилинган ва сизлар бизнинг талабамиз ҳисобланмайсизлар дейишяпти”, дея давлат раҳбаридан ёрдам сўрайди талабалардан бири.
“Стоматология ва даволаш ишлари факультети талабалари Россия Федерациясининг Кубань шаҳрида жам бўлиб турибмиз. Бу ерда бизга қилинаётган қўпол ва дағал муомала инсонийликка умуман тўғри келмайди. Бизни бу ерга алдов йўли билан олиб келишди. Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти ректори Акмал Сиддиқов ҳамиша биз билан учрашувдан бош тортган. Россияга бизни алдов йўли билан олиб келганидан сўнг фақатгина йигирма нафаримизни қабул қилиб, қолганларни ўқишдан четлаштиришга қарор қилишган”, дейди бошқа бир талаба.
Россиядаги масъуллар ўзбекистонлик талабалар томонидан 3 йилдан буён тўлаб келинган шартнома пулларининг бир сўми ҳам уларнинг ҳисобига келиб тушмагани, шу боис икки давлат ўртасида тузилган шартнома бекор қилинганини видеомурожаат муаллифлари хабар қилган.
Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институтида бир йиллик ўқиш нархи 3 минг долларни ташкил этган. Стоматология ва даволаш ишлари факультетида ўқиш 3+2 шаклидаги қўшма дастур асосида ташкил этилиши айтилган. Яъни талабалар 3 йил Ўзбекистонда, 2 йил эса Россияда таҳсил олишлари керак бўлган.
Россиядаги олий таълим муассасасида ўқимаслиги аниқ бўлиб улгурган талабалар аллақачон Фарғона жамоат саломатлиги тиббиёт институти талабалари сафидан четлаштириб бўлишган.