Ўзбекистон парламенти делегацияси Швейцарияга ташриф буюрди
Ўзбекистон парламенти делегацияси Швейцарияга ташриф буюрди
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари қўмитаси раиси Акмал Саидов бошчилигидаги парламент делегацияси Швейцарияга ташриф буюрди.
Парламент вакилларининг ташриф дастури Женева шаҳридаги мамлакатимиз элчихонасида ўтказилган брифинг билан якунланди.
Унда халқаро ташкилотлар (БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси, Халқаро меҳнат ташкилоти, Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти, БМТ Европа иқтисодий комиссияси), Женева шаҳрида аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари, хусусан, Озарбайжон, Жазоир, Беларусь, Испания, Исроил, Қозоғистон, Қирғизистон, Малайзия, Панама, Тожикистон, Туркия, Япония ва бошқа мамлакатлар, шунингдек, Швейцариянинг жамоат, академик ва ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.
Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистонда сиёсий, суд-ҳуқуқ ва ижтимоий-иқтисодий соҳаларда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар хусусида маълумот берилди. Мамлакат сиёсий модернизация, ҳуқуқий, дунёвий, демократик давлат ва адолатли фуқаролик жамиятини барпо этиш йўлидан барқарор бораётгани таъкидланди.
Республикада амалга оширилаётган чора-тадбирлар энг аввало фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган ишлар Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов номи билан бевосита боғлиқ эканига урғу берилди. Мустақилликнинг илк йиллариданоқ Ўзбекистон раҳбарияти томонидан олдинга сурилган мамлакатимиз давлат сиёсатининг фундаментал тамойиллари ўзгармаслиги алоҳида қайд этилди.
Манба: Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати