Шавкат Мирзиёев: Марказий Осиё ва ЕИ ҳамкорлигини изчил чуқурлаштириш керак
Шавкат Мирзиёев Остона шаҳрида «Марказий Осиё – Европа Иттифоқи» форматидаги делегациялар раҳбарлари мажлисида қатнашди.
Остона шаҳрида «Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи» форматидаги делегациялар раҳбарлари мажлисида Европа кенгаши президенти Шарл Мишел, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ва Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Ҳожамират Гелдимиратов ҳам қатнашди.
Кун тартибига мувофиқ, сиёсий мулоқотни ривожлантириш, ҳудудлараро алоқаларни кенгайтириш, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Шавкат Мирзиёв ўз нутқида Янги Ўзбекистондаги ортга қайтмас тус олган ислоҳотларнинг асосий устувор вазифаси самарали фаолият кўрсатадиган бозор механизмларига, юқори ҳаёт даражаси ва қулай турмуш шароитларига эга кучли ҳуқуқий давлатни барпо этишдан иборат эканини таъкидлади.
Ўзбекистнон президенти «биргаликдаги саъй-ҳаракатлар натижасида Марказий Осиёда мутлақо янги сиёсий муҳит вужудга келгани, бир неча ўн йиллар мобайнида йиғилиб қолган, ҳал этилишига ҳеч ким ишонмай қўйган кўплаб муаммолар бир неча йил давомида бартараф этилгани»ни таъкидлади.
Бугун вазият тубдан ўзгарди. Визасиз режим жорий қилинди, барча ўтказиш пунктлари очилди. Авиақатновлар ва ер транспортида ташишлар кўпайди.
Ўзбекистон президент бир қатор устувор йўналишларни кўрсатиб ўтди.
Булардан:
Энг аввало, савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга доир комплекс масалаларни ҳал этиш зарур. Булар:
саноат маҳсулотларимизнинг Европанинг юқори стандартлари ва техник регламентларига мувофиқлигини таъминлаш;
ҳозирги мавжуд чекловларни ҳисобга олган ҳолда ЕИ бозорларига чиқиш учун энг мақбул самарали транспорт-логистика коридорларини яратиш, энг аввало, Транскаспий мультимодал маршрутини ривожлантириш;
европалик истеъмолчилар ўртасида Марказий Осиё мамлакатлари маҳсулотларининг танилиши ва харидоргир бўлиши учун қўшма маркетинг тадқиқотлари ҳамда мақсадли тадбир ва акциялар ўтказиш;
Европанинг инвестициялари ва технологияларига бўлган катта эҳтиёжни қондириш.
Томонларнинг Афғонистон масаласидаги хавотир ва ташвишлари ўхшашлиги таъкидланди.
Ўзбекистон мунтазам равишда афғон халқига гуманитар ёрдам кўрсатиб келмоқда, электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва озиқ-овқат етказиб беришни давом эттирмоқда, мамлакатимиз орқали Афғонистонга юклар транзити тўхтамаяпти.
Чегарада жойлашган Термиз шаҳримиздаги логистика ва таълим хабларининг салоҳиятидан фойдаланишда европалик шериклар билан самарали ҳамкорликни давом эттиришга тайёрлик билдирилди.