Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 50 млрд доллардан ошди
Ўтган 2022 йилда Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси 50 млрд доллардан ошди.
Ўзбекистон ташқи савдо айланмаси ўтган йили 50,008 млрд долларни ташкил қилиб. 2021 йилга нисбатан 7,8 млрд долларга ёки 18,6 фоизга кўпайди.
Ташқи савдода экспорт ҳажми 19,3 млрд долларга (15,9 фоизга кўпайди) ва импорт ҳажми 30,7 млрд долларга (20,4 фоизга кўпайди) етди. Йил давомида 11,4 млрд долларлик пассив ташқи савдо баланси қайд этилди.
Ўзбекистон ташқи савдода энг кўп Россия билан ҳамкорлик қилди — умумий 9,3 млрд доллар. Бу даврда Ўзбекистон Россияга 3,1 млрд долларлик экспорт қилган бўлса, импорт 6,2 млрд долларни ташкил қилди.
Мамлакат ташқи савдо бўйича кейинги ўринда 8,9 млрд доллар билан Хитой бўлди. Бунда экспорт 2,5 млрд доллар, импорт 6,4 млрд доллар бўлган.
Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида ҳамон учинчи ўринда Қозоғистон бормоқда — 4,6 млрд доллар. Йил давомида ушбу мамлакатга экспорт 1,4 млрд долларни, импорт 3,2 млрд долларни ташкил қилган.
Ўзбекистон ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор-давлатлар орасидан учта давлатда фаол ташқи савдо баланси кузатилган. Булар Афғонистон, Қирғиз Республикаси ва Тожикистондир. Қолган 17 та давлатлар билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолмоқда.