Тошкентда Ўзбекистон ТИВ раҳбари ва ИҲТ бош котибининг учрашуви бўлиб ўтди
(last modified Tue, 24 Jan 2023 06:18:15 GMT )
Январ 24, 2023 11:18 Asia/Tashkent
  • Тошкентда Ўзбекистон ТИВ раҳбари ва ИҲТ бош котибининг учрашуви бўлиб ўтди
    Тошкентда Ўзбекистон ТИВ раҳбари ва ИҲТ бош котибининг учрашуви бўлиб ўтди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Бахтиёр Саидов Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 26-йиғилишида иштирок этиш учун мамлакатимизга ташриф билан келган ИҲТ Бош котиби Хусрав Нозирий билан учрашди.

Ўзбекистон ТИВ хабарига биноан,, суҳбат чоғида Ўзбекистон ва ИҲТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди. Ташкилот доирасида минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш, унинг жаҳон миқёсидаги нуфузини ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Хусрав Нозирий Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ИҲТда “Ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинган 2022 йил мобайнида ташкилотда Ўзбекистоннинг фаол ва мазмунли раислигини қайд этди. Ўзбекистон раҳбарининг ИҲТ Ашхобод саммитида илгари сурган ташаббуслари ижроси тузилма фаолиятига кучли туртки бериши ва янги “ўсиш нуқтаси” бўлишига ишонч билдирилди.

Ўзбекистон раислигида ўтказилган тадбирлар, жумладан, Ҳудудий режалаштириш Кенгаши мажлиси, қишлоқ хўжалиги ва туризм вазирликлари раҳбарларининг учрашувлари, қайта тикланувчи энергия манбалари бўйича учрашувлар ва бошқалар муҳим аҳамият касб этгани таъкидланди.

Томонлар “ИҲТ истиқболлари 2025”да белгиланган мақсадларга эришиш учун ташкилот доирасидаги ўзаро ҳамкорлик салоҳиятидан, айниқса, савдо, инвестиция, транспорт-коммуникация, энергетика соҳаларида янада самарали фойдаланиш зарурлиги тўғрисида умумий фикр билдирди.

Йиғилишда, шунингдек, Тошкентда бўлиб ўтадиган ИҲТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиши, шунингдек, Ўзбекистон раислиги доирасида ўтказиладиган бошқа тадбирларнинг ташкилий ва мазмуний жиҳатлари ҳам муҳокама қилинди.

Ёрлиқ