Туркиядаги зилзила вайроналари остидан яна 2 ўзбекистонликнинг жасади топилди
Туркиянинг Ҳатай ва Қаҳраманмараш шаҳарларида содир бўлган зилзила вайроналари остидан 2 нафар ўзбекистонликнинг жасади топилди.
Шунингдек яна 8 нафар Ўзбекистон фуқароси табиий офат ўчоқларидан эвакуация қилиниб, мамлакатга қайтарилмоқда.
Туркияда содир бўлган даҳшатли зилзиладан сўнг қидирув-қутқарув ишлари давомида икки нафар ўзбекистонликнинг жасади топилди, 8 нафар фуқаро мамлакатга қайтарилганини Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси хабар қилди.
11 февраль куни зилзила оқибатида Ҳатай шаҳрида вафот этган Андижон вилоятида туғилган 56 ёшли У. Ҳ. ва Каҳраманмараш шаҳрида вафот этган Наманган вилоятида туғилган 40 ёшли Н. М.нинг жасади Ўзбекистонга юборилди.
10 февраль куни 2 нафар фуқаро Адана шаҳридан, 11 февраль куни бир оиланинг 5 нафар аъзоси Малатя шаҳридан, яна бир фуқаро эса Газиантеп шаҳридан эвакуация қилинди. Улар Истанбул — Тошкент йўналишида Ўзбекистонга қайтарилмоқда.