Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин телефон орқали суҳбатлашди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россия Федерацияси президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Мирзиёев ва Путин суҳбатларида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантириш ва кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Давлат раҳбарлари ўзаро савдони кўпайтириш, етакчи корхоналарнинг саноат кооперациясини чуқурлаштириш, қўшма Лойиҳалар офиси доирасида устувор тармоқлардаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Шу маънода “Иннопром. Марказий Осиё” халқаро кўргазмаси ва Ўзбекистон—Россия ҳудудлар форумини ўтказиш муҳимлиги таъкидланди. Икки давлат етакчилари маданий-гуманитар алмашинувларни фаоллаштириш масалалари юзасидан ҳам фикр алмашиб, бўлажак тадбирлар режасини кўриб чиқди.