Ўзбекистон иқтисодиёти биринчи чоракда 5,5 фоизга ўсди
(last modified Sun, 23 Apr 2023 07:13:49 GMT )
апрел 23, 2023 12:13 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон иқтисодиёти биринчи чоракда 5,5 фоизга ўсди
    Ўзбекистон иқтисодиёти биринчи чоракда 5,5 фоизга ўсди

Январдаги прогноз анча паст бўлганига қарамай, 2023 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон ЯИМ 5,5 фоизга ўсди. Саноат ишлаб чиқариш ва қурилиш ҳажми сезиларли даражада ошди, январь-февраль ойларида иккала кўрсаткич ҳам ўтган йилдагидан анча паст бўлган эди.

2023 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра, Ўзбекистонда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши 5,5 фоизни ташкил этди, дея хабар бермоқда Ўзбекистон Статистика агентлиги.

Бу январь ойи охирида Ўзбекистон президенти билан учрашувда айтилган прогноздан сезиларли даражада юқори. Январь ойидаги аномал совуқ туфайли электр энергияси ва газ таъминотидаги узилишлар фонида республикада 3 мингта ҳудудий саноат корхонасида (уларда 350 минг аҳоли банд) 7 трлн сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилмаган. Зарур чоралар кўрилмаса, биринчи чоракда ялпи маҳсулот ўсиши 1,5 фоизгача пасайиши мумкин (5 фоиздан 3,5 фоизгача), деган эди Ўзбекистон президенти ўшанда.

Саноат ишлаб чиқаришга оид маълумотлар ҳам ЯИМ ўсиши секинлашишини кўрсатди. Январь-февраль ойларида бу кўрсаткич 3,9 фоизга камайган, бироқ март ойида Статистика агентлиги саноат ишлаб чиқаришнинг кескин ўсганини маълум қилди — 4,1 фоиз.

Январь-февраль ойларида 12,9 триллион сўмни ташкил этган қурилиш ишлари ҳажмида ҳам худди шундай ҳолат кузатилмоқда, бу 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 8,2 фоизга кам. Шу билан бирга, агентлик биринчи чорак якунларига кўра, қурилиш ҳажми 27,56 триллион сўмга (+14,6 триллион сўм) ёки 2022 йилнинг январь-мартига нисбатан 4,5 фоизга ошгани ҳақида хабар берди.

Бозор хизматлари ҳажми 10,9 фоизга (2022 йилнинг март ойида — 15,9 фоизга), қишлоқ ва балиқ хўжалиги 3,2 фоизга (2,8 фоиз), чакана савдо товар айланмаси — 5,2 фоизга (10,8 фоиз) ўсди.

Ўзбекистон Марказий банки 2023 йилда мамлакат иқтисодиёти ўсишини 4,5−5 фоиз даражасида проғноз қилган.