2 тоннадан зиёд гиёҳвандлик моддалари ёқиб юборилди
(last modified Tue, 27 Jun 2023 06:51:51 GMT )
июн 27, 2023 11:51 Asia/Tashkent
  •  2 тоннадан зиёд гиёҳвандлик моддалари ёқиб юборилди
     2 тоннадан зиёд гиёҳвандлик моддалари ёқиб юборилди

26 июн – Халқаро гиёҳванд моддаларга қарши кураш куни. Шу муносабат билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан муомаладан мусодара қилинган гиёҳвандлик воситаларини йўқ қилиш бўйича тадбир ўтказилди.

2022 йил давомида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан 2 тонна 232,9 кг гиёҳвандлик моддалари мусодара қилинган. “Ўзиккиламчиранглиметалл” заводида Давлат хавфсизлик хизмати ташаббуси билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар иштирокида гиёҳванд моддалар ёқиб юборилди.

Маълум қилинишича, 373 минг 550 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларининг ноқонуний айланмасига ҳам чек қўйилган.

БМТнинг наркотиклар ва жиноятлар бўйича бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий вакили Ашита Миттал Ўзбекистонга синтетик наркотиклар кириб келиши кўпаяётганини таъкидлади.

БМТ вакилининг таъкидлашича, агар ёшлар ўқимишли бўлса ва оқибатларини тушунса, бундай моддалардан масофа сақлаш имконияти ортади.

Давлат хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, республикага афғон наркотиклари асосан, Тожикистон ва Қирғизистон орқали жанубий-шарқдан – Самарқанд ва Сирдарё вилоятларига, шимолий-шарқдан – Фарғона  водийси  вилоятларига ва Тошкент вилоятига ҳамда тўғридан тўғри Афғонистондан Амударё орқали Сурхондарё вилоятига олиб кириш ҳолатлари учрамоқда.

2022 йил давомида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятлар содир этганлиги учун 96 та ҳолатлар бўйича хорижий давлатларнинг 99 нафар фуқароси ҳибсга олинган. Жумладан, 12 нафар Афғонистон, 32 нафар Тожикистон, 25 нафар Қирғизистон, 14 нафар Қозоғистон, 8 нафар Россия, 5 нафар Туркия, 1 нафар Франция, 1 нафар АҚШ ва 1нафар Беларусь фуқароларидир.