Мирзиёев “Ўзбекистон–2030” стратегиясини тасдиқлади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 сентябр куни имзолаган фармони билан “Ўзбекистон–2030” стратегиясини тасдиқлади.
Ўзбекистон президенти фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон–2030” стратегиясига кўра, республика 7 йил ичида даромади ўртачадан юқори давлатлар қаторига кириши, халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизими яратилиши, халқ хизматидаги адолатли давлат барпо этилиши керак.
Стратегиядаги жами 100 та мақсад қуйидагича 5 та йўналишларга бўлинган:
1. Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун муносиб шароитларни яратиш (таълим, тиббиёт, ижтимоий ҳимоя, ёшлар сиёсати, маънавият масалалари)
2. Барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш (ЯИМ, бюджет, саноат, инвестиция, банк, “яшил иқтисодиёт”, энергетика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, экспорт, монополиялар, IT, туризм, хизматлар, инфратузилма, уй-жой масалалари)
3. Сув ресурсларини тежаш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш
4. Қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш (маҳалла, маҳаллий давлат органлари, вакиллик органлари, давлат хизмати, давлат хизматлари, фуқаролик жамияти институтлари, суд-ҳуқуқ, инсон ҳуқуқлари, адвокатура, коррупция масалалари)
5. “Хавфсиз ва тинчликсевар давлат” тамойилига асосланган сиёсатни изчил давом эттириш (ташқи сиёсат, Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик, хориждаги ватандошлар, меҳнат миграцияси, қуролли кучлар, фавқулодда вазиятлар, миллатлараро тотувлик масалалари)