сентябр 15, 2023 13:13 Asia/Tashkent
  • Тожикистон пойтахтида Марказий Осиё етакчи аёлларининг мулоқоти бўлиб ўтди
    Тожикистон пойтахтида Марказий Осиё етакчи аёлларининг мулоқоти бўлиб ўтди

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Нарбаева бошчилигидаги делегация Душанбе шаҳрида “Марказий Осиёда иқлим ўзгаришига мослашиш шароитида гендер тенглигига эришиш” мавзусида ўтказилган Марказий Осиё мамлакатлари етакчи аёллари мулоқотининг навбатдан ташқари йиғилишида иштирок этди.

Тадбирда Қозоғистон парламенти спикери ўринбосари, Қирғизистон Жўғорқу Кенеш торағаси ўринбосари, Тожикистон ва Туркманистон депутатлари, давлат органлари раҳбарлари, шунингдек, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари ҳамда дипломатик корпус вакиллари иштирок этди. БМТ Хавфсизлик Кенгашининг Терроризмга қарши кураш қўмитаси Ижроия тузилмаси раҳбари ва бош котибнинг махсус вакили Наталья Герман видеомурожаат қилди.

Йиғилишда иқлим ўзгариши шароитида гендер тенглигига эришиш ҳамда барча аёл ва қизларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича келгуси конструктив ҳамкорликни таъминлайдиган платформа яратиш ҳамда долзарб муаммоларнинг самарали ечимига қаратилган стратегия ва дастурларни ишлаб чиқиш каби масалалар муҳокамалар марказида бўлди. Томонлар фикрлар, маълумотлар ва тажриба билан алмашишди.

Нарбаева ўз сўзида ҳозирги вақтда Марказий Осиё дунёнинг бошқа кўплаб минтақаларига қараганда глобал иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини кўпроқ бошдан кечираётганини, бу ўз навбатида сув ресурслари танқислигини, музликларнинг эришини ва чўлланиш жараёнларини тезлаштираётганини қайд этди.

“Орол денгизининг қуриши ва қуриган тубида Оролқум тузли чўлининг пайдо бўлиши минтақада комплекс экологик ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларни келтириб чиқарди. Айнан шу сабабли БМТ Бош Ассамблеяси Орол фожиасини замонамизнинг глобал экологик муаммоси сифатида тан олди”, - деди Ўзбекистон Сенати раиси.

Ёрлиқ