Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида нутқ сўзлади
Нью-Йорк шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош қароргоҳида БМТ Бош Ассамблеяси 78-сессиясининг умумсиёсий мунозараларида Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.
Ўзбекистон президенти Шавкат Ммрзиёев ўз нутқида ҳамжиҳатлик ва амалий ҳамкорлик руҳини сақлаш, умумий манфаатларни мавжуд зиддиятлардан юқори қўйган ҳолда мамлакатларни жипслаштириш зарурлигини қайд этди.
"Биз ўтган йили умумий хавфсизлик ва тараққиётга қаратилган “Самарқанд бирдамлик ташаббуси”ни илгари сурдик. Асосий мақсадимиз мамлакатларимиз ва халқларимизнинг бугунги куни ва истиқболи учун масъулиятни ҳар томонлама чуқур англаш, очиқ ва конструктив ҳамкорликка тайёр барча томонларни глобал мулоқотга жалб қилишдан иборат", – деди Шавкат Мирзиёев.
Спутник сайтига кўра, Мирзиёев глобал ва минтақавий кун тартибидаги энг долзарб масалалар ечимига қаратилган қатор ташаббусларни илгари сурди.
У иқтисодиётни либераллаштириш йўлидаги яна бир устувор вазифа – яқин орада Жаҳон савдо ташкилотига тўлақонли аъзо бўлишни таъкидлади.
"Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби томонидан илгари сурилган “Иш ўринларини яратиш ва ижтимоий ҳимоя глобал акселератори” борасидаги ташаббусни қўллаб-қувватлаймиз. Мазкур ташаббус доирасида тажриба алмашиш учун 2024 йили Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида “Ижтимоий ҳимоя: барқарор тараққиёт сари йўл” бутунжаҳон конференциясини юртимизда ўтказишни таклиф этаман", – деди Ўзбекистон етакчиси.
Мирзиёев Ўзбекистон бундан буён ҳам Марказий Осиёда яхши қўшничилик, барқарорлик, ўзаро ҳамкорлик ва ривожланиш муҳитини мустаҳкамлаш йўлидан қатъий боришини қайд этди.
Унинг сўзларига кўра, мамлакат ва унинг барча қўшнилари биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли давлат чегаралари, транспорт коридорлари ва сувдан фойдаланиш бўйича муаммоларни бартараф этишга муваффақ бўлди.
Минтақа давлатлари ўртасида ўзаро савдо икки ярим баробардан зиёд, қўшма корхоналар сони эса беш марта ўсди. Минтақа иқтисодий ривожланиш марказига, Шарқ ва Ғарбни, Шимол ва Жанубни боғлайдиган транспорт-коммуникация кўпригига айланиб, унга қизиқиш тобора ортиб бормоқда.
"Ишонч билан айтиш мумкинки, бизнинг халқларимизни минтақавий ўзига хосликни англаш туйғуси бирлаштирмоқда ва бу туйғу тобора кучайиб бормоқда. Бизнинг нафақат тарихимиз, балки келажагимиз, ҳаётий муҳим манфаатларимиз ҳам умумий ва муштаракдир. Минтақавий ҳамкорлигимизни кенгайтиришдан бошқа йўлимиз йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас!", – деди президент.
Мамлакат “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – Хотин-қизлар” тузилмаси билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдорлиги таъкидланиб, биргаликдаги ташаббус сифатида аёлларнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларини муҳокама қилиш ва тажриба алмашиш учун келгуси йили Ўзбекистонда Осиё хотин-қизлари форумини ўтказиш таклиф қилинди.
Ўзбекистон томонидан Орол фожиаси оқибатларини бартараф этиш йўлида кўрилаётган чоралар, минтақадаги иқлим ўзгаришининг салбий таъсири ва сув билан таъминланганлик даражасининг камайиш тенденциялари тўғрисидаги маълумотлар келтирилди.
Бу вазиятдан келиб чиққан ҳолда, БМТ Бош котибининг Сув ресурслари бўйича махсус вакили лавозими таъсис этилиши, Марказий Осиё сувни тежайдиган технологиялар платформаси яратилиши ва минтақада қабул қилинган Яшил тараққиёт дастури доирасида тизимли ҳамкорлик йўлга қўйилиши қўллаб-қувватланди.
"Бу борада “Марказий Осиё иқлим мулоқоти”ни жорий этишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблайман. Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик” резолюциясини қабул қилиш ташаббусини илгари сурамиз. Унинг асосий мазмунини келгуси йил Самарқандда бўлиб ўтадиган халқаро иқлим форумида муҳокама қилишни таклиф этамиз, – деди Ўзбекистон президенти.
Жаҳон миқёсида динлараро бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистонда ЮНЕСКО шафелигида Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини ташкил этиш таклиф қилинди.
Буюк олимларнинг бой меросини ўрганиш, исломнинг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида 2024 йил Ўзбекистонда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббуси илгари сурилди.
Афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни сусайтирмаслик лозим, деган фикрни билдириб, президент Афғонистоннинг музлатилган халқаро активларини бу юртдаги ўткир ижтимоий муаммоларни ҳал этишга йўналтириш учун мақбул механизмларни ишлаб чиқишга чақирди.
"Бизга тинч ва барқарор, минтақавий ҳамкорлик жараёнларида иштирок этадиган, қўшнилари ва бошқа мамлакатлар билан ўзаро манфаатли шериклик учун очиқ Афғонистон керак", – деди давлат раҳбари.