октябр 04, 2023 11:02 Asia/Tashkent
  • Ханчжоу-2022: ўзбекистонлик спортчилар яна олтин ва кумуш медалларга эришдилар
    Ханчжоу-2022: ўзбекистонлик спортчилар яна олтин ва кумуш медалларга эришдилар

Осиё ўйинларида 3 октябр кунги баҳслар Ўзбекистон учун олтин медаль билан бошланди.

Осиё ўйинларида Ольга Забелинская индивидуал велошоссе пойгасида 14 спортчи орасида тенгсиз бўлди. У 18,3 км масофани 24:36,99 дақиқада босиб ўтди.

Шу тариқа Ўзбекистон Ҳангжоуда қўлга киритган олтинларини 12тага етказиб, умумжамоа ҳисобида 5-ўринга кўтарилди.

Баландликка сакраш бўйича баҳсларда энг юқори икки ўрин ҳам ўзбекистонликларга насиб қилди. Кучли учликни қозоғистонлик Надежда Дубровская якунлаб берди.

Сафина Садуллаева, Светлана Радзивил ва Надежда Дубровская баҳслар якунланмасидан ўзлари учун медалларни нақд қилишди. Энди масала ким қайси медалга эга бўлишида қолганди. Якунда ушбу атлетикачиларнинг ҳеч бири уч уринишда ҳам 1.89 метр баландликдан ўта олмади, лекин олтин ва кумуш медаллар Ўзбекистон вакилларига насиб этди. Баландликдан биринчи бўлиб ўтгани эвазига ўзбекистонлик спортчилар шоҳсупадаги юқори ўринларни эгаллашди деб кун сайти хабар қилди.

500 метрга кечган дастурда Шаҳризода Мавлонова, Арина Танатмишева, Екатерина Шубина ҳамда Юлия Борзова квартети марра чизиғини учинчи бўлиб кесиб ўтди ва бронза медалига сазовор бўлди.

Байдарка ва каноэда эшкак эшиш баҳсларининг сўнгги стартида ҳам Ўзбекистон жамоаси медалга эга чиқди. Унда аёллар ўртасида 200 метрга каноэда эшкак эшиш бўйича жуфтлик баҳслари бўлиб ўтди. Мазкур дастурда стартга чиққан Шоҳсанам Шерзодова ва Нилуфар Зокирова жуфтлиги бронза медалини қўлга киритди.

Токио-2020 Олимпиадаси чемпиони Баҳодир Жалолов Осиё ўйинлари финалига йўл олди. Энг оғир вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Жалолов яримфиналда хитойлик Байикевузи Данабиекени 1-раунднинг илк дақиқасидаёқ нокаут билан мағлубиятга учратишга эришди. Бу орқали у Париж-2024 Олимпиадаси йўлланмасини ҳам ҳал қилди, бу унинг фаолиятидаги учинчи Олимпиада бўлади.

Ёрлиқ