Қирғизистонда криминал авторитет ўлими учун қасос олишга борган ўзбекистонликлар қўлга олинди
Ўзбекистонлик уч нафар «ёлланма қотил» аввалроқ маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идораларининг махсус операцияси пайтида ўлдирилган криминал авторитет Қамчибек Қўлбоев учун «қасос олиш» мақсадида чегарадан ноқонуний ўтган.
Уч нафар «ёлланма қотил» Қирғизистон ва Ўзбекистон давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтганида ушланди, деб хабар берди Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси.
Қайд қилинишича, бу шахслар Қирғизистонга криминал авторитет Қамчибек Асанбек (Қўлбоев) ўлимига қасос олиш учун кирган. Қўлга олиш чоғида улар бир қатор фуқароларнинг қотиллигига алоқадорлиги учун қидирувда экани маълум бўлган.
Ушланганлар Ўзбекистон фуқаролари экани айтилмоқда: Каримбердиев Ойбек Аббос уулу (1997 йилда туғилган), Рустамов Азамат Шуҳратович (1996 й.т.) ва Абдулкаффаров Исломхон Абдусамат уулу (1994 й.т.).
«Тергов-қидирув тадбирлари давомида улар жиноий дунё вакилларидан Қамчибек Асанбек ўлими учун қасос олишга «буюртма» олишганини маълум қилишди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ва «Алфа» махсус хизмати билан ҳамкорликда олиб борилган тезкор тадбирлар доирасида юқоридаги жиноятчилар 13 октябр куни Бишкек шаҳрида қўлга олиниб, Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идораларига топширилди», дейилади хабарда.
4 октябр куни Бишкекда ўтказилган махсус операция давомида криминал авторитет Қамчибек Қўлбоев йўқ қилинди. Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот маркази қуролли қаршилик кўрсатган уюшган жиноий гуруҳ раҳбари қўлга олиш чоғида ўлдирилгани ҳақида хабар берди.
Шундан сўнг, Қирғизистонда «тозалаш» бошланди. Тергов маълумотларига кўра, Қамчибек Қўлбоевнинг жиноий фаолиятига алоқадор ёки унга ҳомийлик қилган ўнлаб одамлар қўлга олинган.