Ўзбекистон Хитой билан интернет тармоғини ривожлантириш бўйича мемарандум имзолади
Ўзбекистон рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Хитой Халқ Республикаси Саноат ва ахборот технологиялари вазирлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Хитойда Саноат ва ахборот технологиялари вазири Сзин Чжуанлун билан учрашув ўтказди. Унда ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда томонлар Ўзбекистон ва Хитой вазирликлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисида англашув меморандумини имзолашди.
“Меморандумга кўра, томонлар инфратузилмани ўзаро боғлаш, алоқа тармоғини қуриш, 5G, тармоқ хавфсизлиги, ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, булутли ҳисоблаш, интернет, катта маълумотлар ва очиқ маълумотлар, тармоқ хавфсизлиги ва маълумотларни ҳимоя қилиш, маълумотлар марказлари ва бошқа соҳаларда янги тенденциялар ва иловаларни жорий этиш бўйича тажриба алмашишга келишилди.
Бундан ташқари, меморандум Электрон ҳукумат, рақамли иқтисодиёт ва сунъий интеллектга оид билим ва амалий тажриба алмашишни ўз ичига олади.