Ўзбекистон ва Франция етакчилари музокара ўтказди
(last modified Thu, 02 Nov 2023 07:15:42 GMT )
ноябр 02, 2023 12:15 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ва Франция етакчилари музокара ўтказди
    Ўзбекистон ва Франция етакчилари музокара ўтказди

Франция раҳбари Ўзбекистонда амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар дастурини тўлиқ қўллаб-қувватлади.

Самарқанд шаҳридаги Конгресс марказида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Франция президенти Эммануэл Макроннинг тор доирадаги учрашуви бўлиб ўтди.

Етакчилар Франция билан Ўзбекистон ўртасидаги кенг қамровли ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини атрофлича муҳокама қилдилар ҳамда икки томонлама муносабатларни стратегик шериклик даражасига кўтаришга келишиб олди.

Товар айирбошлаш ва қўшма корхоналар сони каррасига ошгани мамнуният билан қайд этилди. Жорий ва истиқболли лойиҳалар портфели 10 миллиард евродан ошди.

Франция тараққиёт агентлиги билан 1 миллиард евролик Стратегик ҳамкорлик дастури амалга оширилмоқда.

«Яшил» энергетика, хомашё ресурсларини қазиб олиш ва қайта ишлаш, инновацион қишлоқ хўжалиги, сув таъминоти, логистика, инфратузилмани ривожлантириш, туризм ва бошқа соҳаларда янги йирик лойиҳаларни илгари суриш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Франция Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда ишончни мустаҳкамлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини, шунингдек, мамлакатимизнинг ЖСТга аъзо бўлишини ҳамда Евроиттифоқ билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим тез фурсатда имзоланишини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр экани таъкидланди.

Сиёсий мулоқотни давом эттириш, хавфсизлик, юзага келаётган таҳдид ва хатарларга самарали қарши курашиш соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги қайд этилди.

Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Франция олий таълим муассасасини очишни тезлаштириш ҳамда француз тили ўқитувчиларини тайёрлаш борасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.

Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Ёрлиқ