Ўзбекистон президенти: Фаластин халқи мустақил давлат барпо этиш ҳуқуқига эга
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Остонада ўтказилаётган Туркий давлатлар ташкилоти саммитидаги нутқида Фаластин-Исроил муаммосининг ягона ва энг адолатли ечими – низони “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида ҳал этишдир деб айтди.
Спутник сайтига кўра, “Бугунги кунда жаҳон миқёсида ишонч инқирози тобора авж олмоқда. Глобал хавфсизликни таъминлашда янги муаммолар юзага келмоқда ва халқаро ҳуқуқ меъёрларидан чекиниш ҳолатлари кучаймоқда. Айниқса Яқин Шарқда узоқ вақтдан буён давом этаётган Исроил–Фаластин муаммосининг ниҳоятда хавфли тус олгани барчамизни жиддий хавотирга солмоқда. Мазкур муаммонинг ягона ва энг адолатли ечими низони “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида ҳал этишдир”, - деди Мирзиёев.
Мирзиёевнинг сўзларига кўра, Фаластин халқи БМТ Резолюцияларида белгиланганидек мустақил давлат барпо этиш ҳуқуқига эга.
“Биз ташкилотимиз доирасида бу борада якдил ва қатъий позицияни бугун дунёга эълон қилишимиз зарур”, - деди президент.
Мирзиёев шунингдек, минтақага барча қўшнилари билан иқтисодий ҳамкорлик жараёнларида фаол иштирок этадиган, тинч ва барқарор Афғонистон кераклигини таъкидлади.
«Минг йиллар давомида тарихи ва тақдири туркий элатлар билан чамбарчас боғлиқ бўлган кўпмиллатли Афғонистон заминида тинчлик ва осойишталик ўрнатиш минтақамизда стратегик барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашнинг асосий шартидир. Бироқ дунёнинг бошқа нуқталарида низо ва урушлар авж олаётган ҳозирги шароитда ушбу муаммо халқаро ҳамжамият эътиборидан тобора четда қолмоқда.
Афғон халқига инсонпарварлик ёрдами кўрсатишни сусайтирмаслик, бу юртдаги ўткир ижтимоий муаммоларни ҳал этишга қаратилган аниқ механизмларни ишлаб чиқишга чақирамиз.
Бизга минтақавий шериклик ва барча қўшнилари билан иқтисодий ҳамкорлик жараёнларида фаол иштирок этадиган, тинч ва барқарор Афғонистон керак.
Биз илгари сураётган Трансафғон темир йўлини барпо этиш ташаббуси айнан мана шу эзгу мақсадга хизмат қилади.
Ўзбекистон афғон халқига бундан буён ҳам зарур ёрдамни бериб боради. Термиздаги логистика хаби орқали гуманитар кўмак кўрсатишни, таълим марказида эса афғон фуқароларини ўқитишни фаол давом эттирамиз», деди Ўзбекистон раҳбари. деб хабар қилган Кун сайти.
Эслатиб ўтамиз, кеча Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан амалий ташриф билан Остонага бордиАэропортда давлат раҳбарини Қозоғистон бош вазири Алихан Смаилов кутиб олди.