Бухоро ЮНEСКОнинг «Ижодий шаҳарлар тармоғи» дастуридан жой олди
(last modified Sun, 05 Nov 2023 05:11:21 GMT )
ноябр 05, 2023 10:11 Asia/Tashkent
  • Бухоро ЮНEСКОнинг «Ижодий шаҳарлар тармоғи» дастуридан жой олди
    Бухоро ЮНEСКОнинг «Ижодий шаҳарлар тармоғи» дастуридан жой олди

Шаҳар номзоди Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кўмагида тақдим этилди

31 октябрь куни ЮНEСКО Бухорони «Ижодий шаҳарлар тармоғи»га (UCCN) қўшганлигини эълон қилди. Шаҳар номзоди Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кўмагида тақдим этилди.

ЮНEСКОнинг «Ижодий шаҳарлар тармоғи» дастури 2004 йилда ташкил этилган ва ҳар икки йилда янгиланади. У ижодкорликка — барқарор шаҳар ривожланиши двигатели, ижтимоий интеграция ва маданиятнинг дунёга таъсирини кенгайтириш учун сармоя киритмоқчи бўлган шаҳарлар ўртасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришучун мўлжалланган.

Дастур БМТ ташаббусларини, жумладан, 2030 йилгача Барқарор ривожланиш мақсадларини қўллаб-қувватлайди. Ҳозирда ушбу дастурга дунёнинг 300 га яқин шаҳарлари киритилган.

Тармоққа аъзо бўлган шаҳарлар ижодкорлик ва маданий соҳаларни ривожлантириш, илғор тажрибаларни алмашиш, маданий иштирок даражасини ошириш ҳамда иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш режаларини ишлаб чиқишда маданиятни ҳисобга олиш учун ҳамкорлик қилиш ва ҳамкорликни ривожлантириш мажбуриятини зиммасига олади.

Ижодий шаҳарлар тармоғи етти ижодий йўналишни қамраб олади: декоратив-амалий ва халқ амалий санъати, дизайн, кино, гастрономия, адабиёт, медиасанъат ва мусиқа. Ўзбекистон маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Бухорони декоратив-амалий ва халқ амалий санъати йўналишида тақдим этди, шунингдек, Бухорода ижоднинг ушбу соҳасини ривожлантиришнинг тўрт йиллик режасини тақдим этди.

2025 йилда Бухорода биринчи замонавий дизайн ва ҳунармандчилик биенналеси бўлиб ўтади. Бу Ўзбекистоннинг халқаро санъат ҳамжамиятига қўшилиб, жаҳондаги маданий-тарихий қиёфасини юксалтириш имконини бериши кутилмоқда.

Ёрлиқ