Ўзбекистон ТИВ раҳбари ЕХҲТ миллий озчиликлар бўйича олий комиссари билан учрашди
(last modified Fri, 08 Dec 2023 10:26:27 GMT )
декабр 08, 2023 15:26 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ТИВ раҳбари ЕХҲТ миллий озчиликлар бўйича олий комиссари билан учрашди
    Ўзбекистон ТИВ раҳбари ЕХҲТ миллий озчиликлар бўйича олий комиссари билан учрашди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Скопе шаҳрида бўлиб ўтган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти вазирлар кенгашининг 30-йиғилишида иштироки давомида ЕХҲТнинг миллий озчиликлар бўйича олий комиссари Қайрат Абдраҳманов билан мулоқот қилди.

Кун сайтининг хабар қилишича, «ЕХҲТнинг миллий озчиликлар бўйича олий комиссари Қайрат Абдраҳманов жаноблари билан учрашиб, миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик тамойилларини илгари суриш бўйича ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишдан мамнунмиз», - деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари Бахтиёр Саидов ўзининг Telegram-каналида.

ЕХҲТнинг миллий озчиликлар бўйича олий комиссари лавозими 1992 йилда ЕХҲТ масъулияти доирасидаги турли жамиятларда миллатлараро тотувликни таъминлаш ва ўзаро тушунишни мустаҳкамлаш воситаси сифатида ташкил этилган.

Қозоғистонлик дипломат Қайрат Абдраҳманов ушбу лавозимда 2020 йил декабрдан бери ишлаб келмоқда. У ЕХҲТ олий комиссари сифатида 2022 йил 28 июл-2 август кунлари Ўзбекистонда бўлиб, мамлакатнинг қатор расмий вакиллари билан музокаралар ўтказган эди.