Ўзбекистон ва Қозоғистон ташқи сиёсат идоралари маслаҳатлашувлар ўтказди
Тошкент шаҳрида Ўзбекистон–Қозоғистон муносабатларининг ҳуқуқий асосларини инвентаризация қилиш ва такомиллаштириш бўйича икки мамлакат ташқи сиёсат идоралари ўртасида навбатдаги маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди.
Дунё ахборот агентлигига таяниб, Кун сайтининг хабар қилишича, сиёсий маслаҳатлашув эса Ўзбекистон ва Қозоғистон ташқи ишлар вазирликлари ўртасида имзоланган 2022-2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастурини (2022 йил 14 июл) амалга ошириш доирасида ташкил этилди.
Ўзбек-қозоқ расмийлари амалдаги шартномавий-ҳуқуқий базанинг бугунги ҳолатини ҳамда томонларни қизиқтирган соҳаларда икки томонлама ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини янгилаш ва кенгайтириш масалаларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, икки давлатнинг халқаро шартномаларни тузиш ва амалга ошириш тажрибасига эътибор қаратилди.
Томонлар шунигдек Халқаро шартномаларни нашр этиш ва уларнинг ягона электрон ҳисобини юритиш ва архивлаш тартиби тўғрисида фикр алмашди.
Ўзбекистон ва Қозоғистон сиёсий маслаҳатлашувлари якунлари бўйича тегишли баённома имзоланди.