Январ 19, 2024 14:41 Asia/Tashkent
  • Осиё Кубоги: Ўзбекистон йирик ҳисоб биан Ҳиндистонни мағлуб этди
    Осиё Кубоги: Ўзбекистон йирик ҳисоб биан Ҳиндистонни мағлуб этди

Ўзбекистон футболчилари Осиё кубоги гуруҳ босқичининг иккинчи турида Ҳиндистон устидан ғалабага эришди

Газета сайтининг хабар қилишича, кеча футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё кубоги гуруҳ босқичининг иккинчи ўйинида Ҳиндистонни мағлуб этди. 18 январь куни Қатарда бўлиб ўтган учрашув 3:0 ҳисобида якунланди.

Хабарга кўра, Ўзбекистонликларнинг 4-дақиқадаги илк зарбасиёқ гол билан якунланди. Шерзод Насруллаевнинг жарима майдончасига ошириб берган узатмасидан кейин Отабек Шукуров ҳаводаги курашда устун келди ва тўпни Аббосбек Файзуллаевга оширди, у эса боши билан гол киритди.

18-дақиқада терма жамоа дублга эришди — Аббосбек Файзуллаевнинг узатмасидан кейин тўпга биринчи бўлиб ҳужумчи Игорь Сергеев етиб келди.

Биринчи бўлим охирида Ўзбекистон учинчи голни киритди (45+4'). Фаррух Сайфиев ўнг қанотдан ошириб берган тўпни ҳимоячи Шерзод Насруллаев дарвозага йўллади.

Бош мураббий Сречко Катанец жамоаси Австралия, Сурия ва Ҳиндистон терма жамоалари билан биргаликда «Б» гуруҳидан жой олган. Иккинчи тур якунларига кўра, Австралия Ҳиндистон (2:0) ва Сурия (1:0) термаларини мағлуб этган ҳолда пешқадамлик қилмоқда. Иккинчи ўринда Ўзбекистон (4 очко), кейинги ўринларда эса Сурия (1) ва Ҳиндистон (0) бормоқда.

Сўнгги учинчи турда Ўзбекистон Австралия билан гуруҳ пешқадамлиги учун баҳс олиб боради. Учрашув 23 январь куни соат 16:30 да бўлиб ўтади.

Гуруҳлардаги энг кучли иккита жамоа, шунингдек, учинчи ўринни эгаллаган тўртта энг яхши жамоа 1/8 финалга йўл олади.

Ёрлиқ