Ўзбекистонда цемент заводлари қурилиши вақтинчалик тўхтатилади
Ўзбекистонда цемент заводлари қурилишига тақиқ қўйилиши режалаштирилишини мамлакат экология вазири хабар қилди.
Газета сайтининг хабар қилишича Ўзбекистон экология вазири Азиз Абдулҳакимов , қурилган 47 та заводдан 23 таси фаолиятини тўхтатган. Ўрганишларга кўра, 25 та цемент ишлаб чиқарувчи корхонанинг 90 фоизи экологик талабларни бузаётгани маълум бўлган деб таъкидлади.
Ўзбекистон ҳукумати цемент заводлари қурилишига мораторий эълон қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов 30 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сўзларида маълум қилди.
Ўзбекистоннинг ушбу расмийсига кўра, айрим цемент заводлари экотуризмни ривожлантириш мумкин бўлган тоғли ҳудудларда қурилган. Бу корхоналарнинг мавжудлиги саломатлик ва табиатга зарар келтиради.
«Ўзим шахсан ўша жойларга бориб кўргандим. Жиззах вилоятининг Зафаробод туманидаги туризмни ривожлантирса бўладиган ҳудудда [цемент заводи бор], ҳамма дарахтлар,… 5−10 километр атрофдаги нарсалар чангдан бўлган «плёнка»га ўхшаш нарса билан қопланган. Ўша ердаги ҳамма ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг расвоси чиққан ва барбод бўлган. Лекин бориб биз ўрганиб чиққанимизда [маълум бўлдики], ҳозир қонунчиликда белгиланган шунақа оқибат учун бор-йўғи 100−200 миллион [сўм] жарима қўлланар экан», — деди вазир.
Азиз Абдуҳакимовнинг айтишича, жариманинг энг кам миқдорини 10 миллиард сўм қилиш режалаштирилмоқда, бу эса корхоналарни замонавий чанг ва газ тозалаш ускуналарини ўрнатишга мажбур қилади.
Экология вазирлиги раҳбари тадбиркорлик фаолиятига эркинлик бериш мақсадида бундай лойиҳалар жой танлашда ва лойиҳа-смета ҳужжатларини тасдиқлашда экологик экспертиза ўтказишдан озод қилинганини таъкидлади. 2023 йил 1 ноябрда экологик экспертиза тикланган.
«Очиғини айтганда, ҳозирги кунда заводларимизнинг қуввати карра-карра Ўзбекистоннинг, айтайлик, эҳтиёжидан кўпроқ. Шу учун бу масала ҳукуматда ҳам кўриб чиқилганди ҳурматли бош вазиримиз бошчилигида… Ва ҳозир мана қарор қабул қилиндики, ҳеч қанақа янги цемент заводларини Ўзбекистонда қуришга… мораторий эълон қилармиз, яъни тўхтатиб қўямиз», — дея таъкидлади у.
Унинг айтишича, қурилган 47 та заводдан 23 тасининг фаолияти тўхтатилган. Бундан ташқари, 25 та цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар ишини ўрганиш натижасида уларнинг 90 фоизи экологик талабларни бузаётгани аниқланган.
Азиз Абдуҳакимов цемент ишлаб чиқарувчи корхоналар устидан экологик назорат Бош прокуратура билан биргаликда амалга оширилишини айтди.