Ўзбекистоннинг Москвадаги элчиси Россия ТИВга чақирилди
Ўзбекистоннинг Москвадаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ботиржон Асадов Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди
Газета сайтининг хабар қилишича, Россия ТИВ вазирлигиЎзбекистон Журналистика ва оммавий ахборот воситалари университети ректори Шерзод Қудратхўжанинг Alter Ego лойиҳасига берган интервьюсида Ўзбекистонда яшаб, ўзбек тилини билмайдиганлар «босқинчи» ёки «аҳмоқ» эканини ўзлари ҳал қилиши кераклиги ҳақидаги сўзларини «ўта ҳақоратли ва мутлақо қабул қилиб бўлмас» деб топиб, элчига норозилик билдирди.
Бу каби мулоҳазаларнинг мазмуни ва оҳанги Россия ва Ўзбекистонни боғлаб турган ва мамлакатларимиз раҳбарларининг 2023 йил октябрь ойида Москвада бўлиб ўтган учрашуви натижасида янада изчил ривожланиб бораётган чуқур стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларига мутлақо зид, дейилади хабарда.
Россия ТИВ баёнотида таъкидланишича, дўст ва иттифоқдош Ўзбекистон аҳолисининг мутлақ кўпчилиги Шерзод Қудратхўжанинг фикрига қўшилмаслигига ишонч билдирилди.
Унда шунингдек "Биз бу арбобнинг баёнотини республикамизнинг кўп миллатли халқининг кайфияти билан ҳеч қандай боғламаймиз. Ишончимиз комилки, Ўзбекистонда, худди Россияда бўлгани каби, улар ҳам кўп асрлик умумий тарихимиз ва унинг ёрқин саҳифаларини, жумладан, биринчи навбатда, фашизмга қарши биргаликда олиб борилган кураш ва фашистлар Германияси устидан қозонилган Буюк ғалаба хотирасини авайлаб-асрайди, дея сўз боради.
Халқларимиз биргаликдаги меҳнат орқали умумий Ватан — СССРни барпо этгани, бу ерда ҳар бир киши ўзининг асл маданиятини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, рус ва миллий тилларда таълим олиш имкониятига эга бўлгани таъкидланди. Шу билан бирга, рус тили кўп қиррали миллатлараро мулоқот тили сифатида ўзига хос бирлаштирувчи роль ўйнади, дейилади ТИВ баёнотида.
Бугунги кунда Россия ва Ўзбекистон тенг ҳуқуқлилик ва бир-бирининг манфаатларини ҳурмат қилиш тамойиллари асосида, умумий тарихнинг шонли саҳифаларига таянган ҳолда, суверен мустақил давлатлар сифатида муносабатларини ривожлантирмоқда. Шубҳасиз, «муаллиф» асоссиз равишда баҳслашмоқчи бўлган «босқинчилик» пайтида бу каби ютуқларга эришиш мумкин эмасди. Ҳақиқий колониал босиб олиш қандай оқибатларга олиб келишини эса Ғарб «қўл остида» бўлган Осиё, Африка, Лотин Америкасининг кўплаб мамлакатлари, Ироқ, Сурия ва Украинанинг аянчли мисолида яққол кўриб турибмиз, дейилади баёнотда.
«Ишончимиз комилки, мамлакатларимиз халқлари ўртасида жанжал келтириб чиқариш учун ичкаридан ёки ташқаридан қилинган ҳар қандай уринишлар муваффақиятсизликка учрайди», — дея таъкидлади вазирлик.
«Умид қиламизки, яқин вақт ичида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги юқори мартабали шахснинг жирканч баёнотларига принципиал баҳо берилган расмий изоҳ беради. Эслатиб ўтамиз, Россия ахборот маконида Ўзбекистонга қарата унинг сиёсатига зид бўлган резонансли мулоҳазалар пайдо бўлганда, биз дарҳол расмий даражада улардан узоқлашдик», — дея якунланади баёнот.