Ўзбекистон ва БАА етакчилари телефон орқали суҳбатлашди
Шавкат Мирзиёев Бирлашган Араб Амирликлари президенти Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаён билан телефон орқали мулоқот қилди
Спутник сайтининг хабар қилишича Ўзбекистон президенти БАА президентининг таваллуд куни билан дилдан қутлаб, унга мустаҳкам соғлик ва бахт-саодат, фаолиятида катта муваффақиятлар, дўст Амирликлар халқига тинчлик-осойишталик ва равнақ тилади.
Ўзбекистон ва БАА етакчилари бутун мусулмон олами учун муқаддас бўлган муборак Рамазон ойининг бошлангани билан ҳам бир-бирини самимий табриклашди.
“Ўзбекистон билан БАА ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик бугунги кунда юксак даражага чиққани катта мамнуният билан қайд этилди”, — дейилади хабарда.
2023 йил якунига кўра ўзаро савдо ҳажми 20 фоизга ошди. Ўзбекистонда Амирликлар сармояси иштирокида 300 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда, қўшма лойиҳалар портфели 4 миллиард доллардан ошди.