Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон махсус хизматлари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди
(last modified Tue, 07 May 2024 07:02:01 GMT )
май 07, 2024 12:02 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон махсус хизматлари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди
    Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон махсус хизматлари раҳбарларининг учрашуви бўлиб ўтди

Ўзбекистоннинг Фарғона шаҳрида Ўзбекистон ДХХ раиси Абдусалом Азизов, Қирғизистон МХДҚ раиси Қамчибек Ташиев ва Тожикистон МХДҚ раиси Соймўмин Ятимовнинг учрашуви ўтказилди.

6 май куни Фарғона шаҳрида Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси Абдусалом Азизов, Қирғизистон вазирлар маҳкамаси раисининг ўринбосари – Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев, Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Соймўмин Ятимов учрашуви бўлиб ўтди.

Кун сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон хавфсизлик қўмиталари раҳбарлари  музокаралари чоғида томонлар минтақавий хавфсизликни таъминлашга оид барча муаммолар тўпламини атрофлича муҳокама қилди. Терроризм, экстремизм, наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмаси, ноқонуний миграция, контрабанда ва трансчегаравий характердаги бошқа таҳдидларга қарши курашиш каби долзарб соҳалардаги ҳамкорликнинг ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилди. Томонлар давлатлар ўртасида чегарадош ҳамкорлик ва умуман олганда, яхши қўшничилик муносабатларини ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш масалаларига тўхталиб ўтди. 

Мулоқот чоғида Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги давлат чегараларини делимитация қилиш билан боғлиқ кун тартибидаги масалалар, шунингдек, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегарани демаркация қилиш масалалари конструктив тарзда кўриб чиқилди.