Вашингтонда Фаластинни озод қилиш ташкилоти офиси ёпилди
АҚШ Давлат департаменти 1994 йилдан буён Вашингтонда фаолият юритган Фаластинни озод қилиш ташкилоти (ФОҚТ)нинг ваколатхонаси ёпилиши ҳақида эълон қилди. Бу ҳақда ташқи сиёсат идораси вакили Хизерт Науэрт хабар берди.
Исроилга маъқул келувчи қарорнинг сабаби сифатида АҚШ Конгресси «ташвишда» экани айтилди.
Науэртнинг таъкидлашича, 2017 йилда АҚШ ФОҚТ бўлинмасига «Исроил ва Фаластин ўртасидаги тинчлик музокараларини қўллаб-қувватлаш» учун тадбирларни амалга оширишга рухсат берган. «Бироқ, ФОҚТ Исроил билан тўғридан-тўғри ва мазмунли музокаралар олиб бориш учун чоралар кўрмади. Аксинча, ташкилот раҳбарияти АҚШ тинчлик режасини қоралаб чиқди. Бу борада Конгресс ташвишларини инобатга олган ҳолда, маъмурият Вашингтондаги ФОҚТ офисини ёпишга қарор қилди», - дейилади Науэрт баёнотида.
Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар тинчлик жараёнини илгари суришнинг ягона йўли - икки томоннинг бевосита алоқалари эканини таъкидлашда давом этмоқда.